Она тилимиз ривожида маҳаллалар ташаббусни қўлга олиши керак
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарори айни йўналишдаги ҳаракатларга янгича руҳ берди.
Маҳалла она тилини бағрида авайлади
Она тилимиз борки, дунёда ўзбек деган миллат бор. Миллатимиз бор экан, маҳалладек ўлмас қадрият бардавом. Шу боис миллий тил ва маҳалла тушунчалари бир-бирига уйғун, бири бирини тақозо этувчи қадриятлардир.
Собиқ тузум даврида шўро мафкураси миллатни ўзлигидан мосуво қилиш учун унинг она тилини йўқотишга урингани ўзбек тили ривожланишига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Энг ёмони, она Ватанимиз ҳудудлари миллийлигимизга мутлақо алоқаси йўқ атамалар билан номланди. Ўзбеклар она тилини қўйиб, русий забонда сўзлашишни маданият белгиси деб билдилар. Аммо халқимизга хос ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳаллалардаги муносабатлар, ўзаро алоқа-аралашув, оилавий қадриятлар талқинида она тилимизга ҳурмат сақланиб қолди. Таъбир жоиз бўлса, маҳалла она тилимизни бағрида асраб-авайлади. Шу боис шўролар маҳаллани буткул йўқотишни эплолмаган бўлсалар-да, “махаллинский комитет”ларга бирор расмий мақом, ҳуқуқий ваколат бермасалар-да, унинг кучли ижтимоий институт эканини ҳам инкор қилишолмади.
Одамларнинг тафаккури миллийлашди
Таъкидлаш жоизки, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда маҳалланинг алоҳида ўрни ва нуфузи бор. Ана шу омиллар туфайли давлатчилигимиз тарихида биринчи марта “маҳалла” тушунчаси мамлакатимиз Конституциясига киритилиб, жамият бошқарувидаги ўрни ва конституциявий мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Маҳалла ҳар биримизнинг дилимизга, юрагимизга яқин институт бўлгани боис бу эътироф қизғин қаршиланди. Муҳими, маҳаллага кенг ваколатлар берилиши ортидан одамларнинг онгу тафаккури миллийлаша бошлади. Энди жамиятнинг асосий бўғини бўлган маҳаллалар юридик мақомга эга бўлиб, фуқаролар йиғинлари деб аталди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирлигига айланди.
Мумтоз номлар ҳар ҳудудга хос
Она тилимизда жаранг сочган қадимий жой номларимизни эшитганда, дунёнинг у бурчидаги ўзбек ҳам бир тўлқинланиб кетиши тайин. Чунки бу номлар шунчаки қўйилган ёки ўйлаб топилган эмас, балки ота-боболаримизнинг бой фалсафаси, касб-кори, турмуш тарзини ифодалагани учун ҳам қалбларимизга жон қадар яқин. Шу боис халқимиз бу номлардан бебаҳра қилиниб, қадрдон гўшалар мавҳум ва бегона номлар билан аташга мажбур қилинган даврларда ҳам одамлар бу каломлардан воз кечмаган, ўзаро алоқа-аралашувда мумтоз номларни қўллашда давом этишган. Учтепа, Олмазор, Чилонзор, Зангиота, Қибрай, Кармана, Қўштепа, Шайхонтоҳур каби кўплаб туманлар номлари ана шундай тақиққа учраган, аммо ҳеч ким буткул йўқ қилолмаган, халқимиз ардоқлаб, авайлаб асрагани — бугун қайта жонланган бебаҳо дурдоналаримиздир.
Узоқ йиллар бошқа исм билан атаб келинган ҳудуд янгича номланса, бу атаманинг оммалашиб кетиши қийин кечади, ушбу жараён ҳийлагина вақт талаб этади. Аммо мумтоз номлар ҳудудларга узукка кўздек мос тушиб, халқимизнинг юрагидан шу қадар жой эгалладики, қисқа фурсатда “Партиянинг 20 съезди”, “Коммунизм”, “Жданов”, “Коммуна” каби атамалар тилимиздан буткул чиқиб кетди.
Айни пайтда 9 мингдан зиёд фуқаролар йиғинларининг номлари бири-биридан гўзал ва маъноли. Биргина Тошкент шаҳри маҳаллалари мисолида оладиган бўлсак, аксарият йиғинларнинг номи тарихий аҳамиятга эга. Жумладан, “Себзор” маҳалласи ҳудудида тарихда сўлим боғ бўлгани маълум. Олмазорлар шарафига бу ер шундай номланган. Аҳолиси 1830-йилларда Қўқон хони томонидан Хитойнинг Қаш¬қар провинциясидан кўчириб келтирилган аҳоли маҳалласи эса тарихда “Қашқар” деб аталган. Маҳалланинг шар¬қий чеккасидаги шаҳар дарвозаларидан бири ҳам Қаш¬қар бўлган. “Камолон” ҳам пойтахтда ўз ўрни ва нуфузига эга йиғин. Бу атама “Камондарон”, яъни камон ясовчи маъносини англатиб, ҳудудда дунёга машҳур камонсоз усталар яшаганини англатади. Ушбу гўзал номларни ишлатганда, ўз-ўзидан ҳар бир кишида “Нега шундай аталган?”, деган савол туғилиши табиий. Саволга жавобни билиб олгач, беихтиёр юртга муҳаббат кучаяди, ватанпарварлик туйғулари ортади.
“Оқсоқол”нинг ёши эмас, ҳурмати улуғ
Айни пайтда барча маҳаллаларда ўзгалар дарду ташвиши билан яшайдиган жонкуяр инсонлар борки, улар аҳолининг юрагидан муносиб жой олишган. Маҳалладошларига доимо қайишадиган кишиларга эса халқ алоҳида ҳурмат билан қарайди, уларни “оқсоқол” деб эъзозлайди. Қадимдан маҳаллага ҳамма ҳам раҳбар бўлавермаган, эл бундай фидойи кишиларни ўзи танлаб, уларга эргашган, гапига қулоқ солган. Айни пайтда ушбу эзгу анъана давом этиб, тилимизда оқсоқол сўзи янграмоқдаки, бу калом маҳалла раисининг ёши у қадар улуғ бўлмаса ҳам ҳурмати баландлигини англатаётир. Эътибор берсак, “оқсоқол” сўзи тилимизда нафақат соч-соқоли оқарган кекса мўйсафидни англатади, балки кишининг умри давомида қозонган обрў-эътибори ифодаси, мартабаси ҳамдир. Бу — фақат ўзбек тилига хос жиҳат. Ушбу сўз ҳатто қонунларимизда акс этгани эса миллий қадриятларимизнинг муносиб эътирофидир.
Посбон, отинойи, кайвони — архаик сўзлар саналарди
Маҳалла институтининг ривожланиши ортидан адабий тилимиз кўплаб дурдона сўзлар билан бойиди. Оддий мисол: илгари посбон сўзини фақат китобларда, тарихий манбаларда учратар эдигу, истеъмолда қўлламасдик. Аммо фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида “Маҳалла посбони” лавозими жорий этилгач, бу қадимий сўз яна тилимизга қайтди. Айни пайтда бу лавозим тугатилди, аммо посбон сўзи истеъмолдан чиқмади. Кайвони тушунчаси эса маълум бир мартабани англатади, яъни одамлар кимнидир кайвони деб аташи учун ўша киши жуда кўп ижобий жиҳатларга эга бўлиши керак. Аввало, ёши улуғлик, уддабуронлик, гапга чечанлик, ҳалоллик, тўғрисўзлик, бошқаларга гапини ўтказа олишдек хислатларга эга кишигина кайвони саналган. Маҳалла тизимида эса бугун бундай кишилар минглаб топилади. Уларнинг беминнат кўмаги билан йиғинлардаги 8 та комиссиялар иши жонланмоқда, оилалар мустаҳкамланиб, урушганлар ярашаётир, эҳтиёжмандлар адолатли ва манзилли тарзда қўллаб-қувватланмоқдалар. Аждодларимиз ишлатган, ҳурмат билан тилга олган яна бир сўз — отинойи атамаси ҳам адабий тил доирасидан тушиб қолганди. Аммо бугун маҳаллаларда отинойилар энг фаол кучга айланишган. Диний маърифати, ибратли турмуш тарзи туфайли отинойилар маҳалла ҳаётидаги хайрли ишларга ҳисса қўшиб келишаётир.
Тилимизда “Минг ишчига бир бошчи”, деган мақол бор. Маҳалла тизимидаги уйбоши, кўчабошилар кўпчиликнинг бошини бирлаштирган жонкуяр кишилар сифатида одамларнинг ишончини қозондилар. Жамоат ташвишидаги фидойи фаолият туфайли бугун бу сўзларни ҳаммамиз қўллаймиз. Қувонарлиси, тилимиз ҳам янги сўзлар билан бойиди.
Маҳалла бугун тил учун қайғуряптими?
Шу ўринда танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслик керак. Бугун маҳалла фуқаролар йиғинларида она тилимизга муносабат қай даражада? Йиғин фаоллари она тилимиз равнақи учун қандай курашишяпти? Кузатишлардан аёнки, ҳозиргача тилимизни қадрлаш борасида маҳаллалар томонидан бирор мақтанарли ишга қўл урилганича йўқ. Айрим маҳаллалар ҳудудида турли пештоқлар, баннерлар, плакатларга ёзилган ажнабий сўзларни ўқиб, бирон чет давлатга келиб қолдимми, дейсиз. Тўғри, тил — тирик ҳодиса, луғат бойлиги янги сўзлар билан мунтазам бойиб бориши, янги тушунчалар кириб келганда ажнабий атамалар ҳам тилда акс этиши табиий ҳол. Аммо бу зинҳор адабий тил меъёрларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги керак. Кўча-кўйлардаги ёзувлардаги қўпол имло хатоларини қўя турайлик, афсуски, аксарият йиғинларда маҳалла сўзининг махалла тарзида нотўғри ёзиб (боз устига катта-катта ҳарфлар билан) қўйилганига гувоҳ бўламиз. Аслида тилга ҳурматсизликнинг энг ёрқин мисоли бўлган бундай ачинарли ҳолатлар ана шу ердаги йиғин ходимларининг саводсизлигини кўз-кўзлаб турибди.
Савол туғилади: нима учун ўзбек тили камситиляптию шу ҳудуд эгалари — маҳалла мутасаддилари бунга бепарво? Ахир, 9 мингдан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида тузилган Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияларнинг асосий вазифаси юқоридаги каби нохуш ҳолатларга, саводсизликка қарши кураш эмасми? Ваҳоланки, мазкур комиссияларнинг 9 ёки 12 нафардан аъзоси бор. Бу кишилар ҳудуддаги энг зиёли инсонлар. Демак, айни комиссия фаол ишга тушса, жуда катта куч майдонга келиши аниқ. Бундай имконият туфайли тилимизни камситувчи ҳолатларни бартараф этишда қийинчилик туғилмайди. Бундан ташқари, йиғин раисларининг маслаҳатчилари ҳам тилимизнинг қадрсизланишига қарши тура олишлари жоиз.
Тўғри ва нафис талаффузни тарғиб қилайлик
Яна бир оғриқли жиҳат кишига тинчлик бермайди. Кўча-кўйда айрим юртдошларимиз, айниқса, ёшлар жуда қўпол, уят сўзларни, жаргон ва вулгар ибораларни ишлатишади. Бундайларнинг уйида ҳам айни каломлар ҳар куни “янграши” аниқ. Аслида ширинсўзлик, муомала маданияти — оилани мустаҳкамловчи устунлардан. Шундай экан, маҳалла фуқаролар йиғинларида одамларнинг нутқ маданияти, муомала сирлари, тўғри ва нафис талаффуз қоидаларини тарғиб қилиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқдир. Қайноналар момоларимиз кўп ишлатган эркалаш иборалари — “айланиб кетай”, “жоним қоқиндиқ”, “кўп яшанг”, “борингизга шукр” каби сўзларни қанча кўп ишлатишса, хонадонлардаги муҳит шунча соғлом ва барқарор бўлишини тушуниб етишсин. Келинларнинг нутқи асрлар синовидан ўтган тавозели, меҳрли, ҳурматга йўғрилган жумлалар билан қанчалик бойиса, шу оиладаги турмушга айрилиқ соя солмаслигини билишсин. Баъзи ёш йигитлар борки, оғзидан чиққан ҳар гапига уятли сўз аралаштирмаса, фикр билдиролмайди. Ҳар гапида бўралатиб сўкиб турадиган кимсанинг хонадонини тинч, оиласини барқарор деб бўладими? Аслида шундайларни тарбиялаш ҳам маҳалланинг асосий вазифаларидан. Эр кишининг тилига эрк бермаслиги, чиройли нутқ ҳар доим кишига хотиржамлик, манфаат, ҳурмат келтиришини одамларга тушунтириш зарур.
Кўча-кўйда ва жамоат жойларида сўкинганларга қонунчилигимизда тегишли чоралар белгилаб қўйилган. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик саналадиган, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузадиган шу каби хатти-ҳаракатлар учун жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади. Бироқ бу қоидага риоя этмаганлар камдан-кам ҳоллардагина жазога тортилмоқда. Айни масалада жавобгарликни кучайтириш, қоидани бузганларни сўзсиз жазога тортиш ҳам тилимизни путур етишдан асрайди.
Она тилимиз доимий муолажага муҳтож
Озгина эътиборсизлик ҳам тилимизда акс этади, энг ёмони, бу маънавиятимизга таъсир кўрсатади. Шу боис тилни асраш, унинг учун қайғуриш фақатгина йилнинг октябрь ойида авж олиб, сўнг тўхтаб қолмаслиги керак. Қолаверса, бу жараёнда маҳалла энг фаол куч бўлиб майдонга чиқиши, тилимизнинг жонкуяр ҳимоячиси сифатида ташаббусни қўлга олишлари зарур. Тилга эътибор барча йиғинларда қизғин тус олиб, умуммиллий ҳаракатга айланса, натижа залворли бўлади. Бунда тил учун кураш фақат тилшунослар гарданида эмаслигини барча англаб етиши даркор. Зеро, ҳеч ким четдан келиб вазиятни ўнглаб бермайди, аксинча, ўзбек тилига бугунгидек эътиборсизлик ёт кучлар тегирмонига сув қуйса-қуядики, манфаат келтирмайди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, таъкидлаш ўринлики, маҳаллаларда ҳар ҳафтанинг муайян кунини она тилимиз тарғиботига бағишлаш ўринлидир. Ўша куни йиғин ҳудудида катта ҳарфлар билан ёзиб, илиб қўйилган номлар, реклама матнларининг имло қоидаларига мувофиқлиги, ўзбек тилига мансублиги, мазмун-моҳиятини таҳлил қилиб бориш, баланд овозда ва қўпол сўзлар ишлатиш билан боғлиқ аниқланган ҳолатларни тезда бартараф этиш чораларини кўриш керак.
Қаерда тилга эътибор бўлса, она тилида ижод қилишга шарт-шароит яратилса, ўша жойда миллий ривожланиш кучаяди. Қаерда тилимиз қадр топса, ўша ерда маҳалланинг бебаҳо имкониятлари иш беради, одамийлик, хайр-эҳсон, меҳр тушунчалари бардавом бўлади. Шундай экан, она тилимизнинг мавқеига путур етишига йўл қўймайлик, уни соф ҳолда келажак авлодга топшириш учун бор имкониятларни ишга солайлик.
Шавкат ЖАВЛОНОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви раиси.