Она тилимиз обрўйи ошиб бормоқда
Шу кунларда республикамиз бўйлаб ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги олдидан жойларда маданий-маърифий тадбирлар, шунингдек, она тилимиз жонкуярлари бўлмиш олимлар, шоир ҳамда ёзувчилар билан учрашув ва суҳбатлар бўлиб ўтмоқда.
Бугун шундай учрашувлардан бири ”Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятида ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, “Шуҳрат” медали соҳиби Туроб Ниёз қатнашиб, иштирокчиларга ўзбек тилининг аҳамияти ва жамиятимизда тутган ўрни тўғрисида гапириб, жумладан шундай деди:
– Ҳозир мамлакатимизда давлат тили бўлмиш ўзбек тилига жуда катта эътибор берилмоқда. Масалан, 30 дан ортиқ олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда она тилимиз дунё давлатларининг 60 яқин университет ҳамда 100 дан ортиқ мактабларида ўрганилмоқда. Шунинг ўзиёқ ўзбек тилининг қадри ва обрўйи кун сайин кўтарилиб бораётганидан дарак беради.
Шундан сўнг Туроб Ниёз она тилимизга бағишланган ўз шеърларидан ўқиб берди ва қатнашчиларнинг турли хил саволларига жавоб қайтарди.
Учрашув қизиқарли ва дўстона руҳда ўтди.
ЎзА