Она тилим жаранги дунё бўйлаб таралгай
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими, Бухоро давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти академик лицейи билан ҳамкорликда “Она тилим жаранги дунё бўйлаб таралгай” мавзусида манавий-марифий тадбир ташкил этилди.
Таъкидланганидек, 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши миллий мустақиллик сари қўйилган муҳим қадам бўлган эди.
Бугунги кунга келиб мамлакатимизда кенг миқёсида нишонланаётган “Ўзбек тили байрами” маънавий ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олиб бормоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда она тилимизнинг мавқейини ошириш, уни ривожлантириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан давлат тилини ривожлантириш жараёни янги босқичга чиқди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 9-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш давлат тилида юритилиши кўрсатиб ўтилган. Бугунги кунда янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишда, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянилади.
Давлат тилининг обрў-эътибори бутун халқ, жамиятнинг обрў-эътиборидир.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан Она тилига эътибор, меҳр-муҳаббатни кучайтиришга, тилимизни мукаммал билиш, миллий ўзликни англаш, қадриятларни эъзозлашга Она тили миллат маънавиятининг кўзгуси эканлигини эътироф этишга доир шерлар айтилиб, куй-қўшиқлар ижро этилди.
Бадиий кечада ҳазрат Алишер Навоий ижод дурдоналаридан иборат саҳна кўринишлари ижро этилди.
– Она тилимизни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар ўз ижобий натижасини кўрсатиб келмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди мутахассиси Фарҳод Дурбаев. – “Марифатпарвар ота-боболаримиздан бири Абдулла Авлоний айтганидек, “Тил миллат руҳини юксалтирувчи буюк кучдир”. Она Ватанга муҳаббат ҳам айнан она тилига ҳурмат ва садоқатдан бошланади.
Фаол иштирок этган устоз ва мураббийлар, ўқувчилар “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Зариф Комилов, ЎзА