Она тилим абадий яша!
Тошкент шаҳар марказий давлат архивида Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида ташкил этилган тадбирда архив соҳасида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, соҳа қонунчилиги юзасидан уни тарғиб қилиш масалалари хусусида сўз юритилди.
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида ўзбек тили ойлиги доирасида ҳудудларда ижодкор архивчиларнинг 10 дан ортиқ мақолалари, 20 та видеороликлари, ўз ижодидан шеър ва ҳикоялари Агентликнинг веб-сайтларида ва бошқа ижтимоий тармоқларда ёритилди. Ойлик давомида соҳада давлат тилини қўллашнинг ўзига хос услубияти, методик қўлланмалар, буклетлар ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси кенг муҳокама қилинди. Концепцияда белгилаб берилган йўналишларнинг архив соҳасидаги аҳамияти ва долзарблиги тушунтирилди.
Мазкур тадбир ўзбек тилининг халқимиз, жумладан соҳа ижтимоий ҳаётида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилди, – деди “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Алиев. – Мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Тадбир сўнгида архив соҳасида давлат тилини ривожлантиришда ўз меҳнатлари билан фидокорона хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Соҳа ифтихори” кўкрак нишони ҳамда Фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА