Она тилига ҳурмат – Ватанга садоқат
Ўзбек тили расман Давлат тили мақомига 1989 йилда эришди.
Она тилимиз гарчи қонун билан расмий давлат тили мақомида бўлган бўлса-да, амалда айрим давлат ташкилотларининг ўз ҳужжат юритувини бошқа тилларда амалга ошираётганига гувоҳ бўлаётган эдик.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан она тилимизнинг давлат тили сифатидаги мавқейини юксалтириш борасида фармон ва қарорлар қабул қилинди.
21 октябрь куни Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди.
Президентимиз томонидан ушбу сана муносабати билан йўлланган байрам табригини эшитар эканман, тилимизга бефарқ бўлмаган бир инсон сифатида соҳага қаратилган эътибордан яна бир бор тўлқинландим.
Бу нома фақатгина қутлов эмас, балки она тилимизни ривожлантириш, унинг мавқейини ошириш борасида тил фидойиларига қаратилган чақириқдек эди.
Айниқса, ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, бутунжаҳон Интернет тармоғидаги миллий сегментни янада бойитиш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш борасидаги вазифаларни мен ўзим учун топшириқ сифатида қабул қилдим.
Негаки, бугунги жадал ривожланган ахборотлашув асрида тилимизни компьютер лингвистикасига уйғунлаштирмасак, янги атамаларнинг тилимиздаги муқобилини яратмасак, замон ёки тилимиз тараққиётидан орқада қолиб кетамиз.
Инсон она тили орқали дунёни ўзлаштиради, тарихини ўрганади, ўзлигини танийди, маърифатли бўлади. Шу тилда умр бўйи мулоқот қилади, фаолият юритади, аслида бу ҳам катта бахтдир. Шундай инсонлар, халқлар борки, уларнинг она тили давлат тили мақомида эмас, улар яхши ишлаш, фаровон яшаш учун бошқа тилларни ўрганишга мажбур бўлади.
Шу боис биз учинчи юксалиш даври пойдеворини қурар эканмиз, давлатимизнинг иқтисодий қудрати билан бирга она тилимиз мавқейи ва қудратини ошириб боришимиз керак.
Ҳар бир фуқаро давлат тилини яхши билиши, иш юрита олиши, қадрлаши, муҳофаза қилиши, ривожлантириш учун ўз ҳиссасини қўшиши керак. Қадимий ва навқирон ўзбек тилини келгуси авлодга янада бойитилган ҳолда етказиш шу тилдан фойдаланувчи халқнинг бурчидир.
Акбар Рустамов,
Бухоро вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси.
ЎзА