Она тилига эътибор — миллат келажагига эътибор
Она тили — миллатнинг руҳи, маънавияти ва тарихи мужассам бўлган бебаҳо бойликдир. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тараққий этади.
Шу маънода, мустақиллик йилларида ўзбек тилига бўлган эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани халқимизнинг миллий ўзлигини англаши, маънавий қадриятларини асраши ва келажакка ишонч билан қадам ташлашининг муҳим белгиси бўлди.
Бугун юртимизда давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг қўлланиш доирасини кенгайтириш ҳамда тил маданиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, илмий анжуманлар ва китоб тақдимотлари тилга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Ана шундай тадбирлардан бири Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида китоблар тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди.
Тадбирда “Алишер Навоий энциклопедияси”, “Сўз сандиқчаси” ва “Ўзбек тили омонимлари луғати” китоблари кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Мазкур нашрлар нафақат тилшунос ва адабиётшунос олимлар, балки ўқитувчилар, талабалар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун ҳам муҳим манба сифатида аҳамият касб этади.
Анжуманда сўзга чиққан мутахассислар мустақиллик йилларида давлат тилини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида алоҳида тўхталдилар. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ– Фармони, 2025 йил 20 октябрда қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор давлат тили тараққиётида янги босқични бошлаб берди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланиб, унинг илмий ва амалий асосларини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Лотин ёзувига асосланган янги алифбони такомиллаштириш, замонавий имло қоидаларини ишлаб чиқиш, изоҳли ва терминологик луғатлар яратиш, давлат идораларида иш юритишни давлат тилида ташкил этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айниқса, Алишер Навоий номидаги университетнинг ташкил этилгани ўзбек тили ва адабиёти соҳасидаги тарихий воқеалардан бири бўлди. Чунки тил тараққиёти, аввало, илм-фан ва таълим билан узвий боғлиқдир.
Тақдим этилган китоблар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади. “Алишер Навоий энциклопедияси” буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганишга хизмат қилса, “Сўз сандиқчаси” халқ тили бойлиги ва миллий ифодаларни тарғиб этади. “Ўзбек тили омонимлари луғати” эса тилнинг нозик қирраларини англаш, нутқ маданиятини юксалтириш ва сўз қўллаш маҳоратини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими, бундай тадбирлар ёш авлод қалбида она тилга муҳаббат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди. Зеро, тилга эътибор — миллатга эътибордир. Она тилини асраб-авайлаган халқнинг маънавий илдизлари ҳамиша бақувват бўлади.
[gallery-29454]
Бугун давлат тилига қаратилаётган юксак эътибор, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва маърифий ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида аҳамият касб этмоқда. Чунки тил — истиқлол тимсоли, миллат ғурури ва келажак пойдеворидир.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА