Она тили муаллимаси
Гулнора Ҳусенова – Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг чекка ҳудудида жойлашган 40-умумтаълим мактабида узоқ йиллардан буён ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ беради.
Маҳоратли педагог ўқувчиларга она тилимизнинг ўзига хос хусусиятлари, тарихи, бой имкониятларини пухта ўргатиш билан бирга, улар қалбида Ватанга муҳаббат, она тилимизга эҳтиром, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва дахлдорлик туйғуларини шакллантириб, ёшларни комил инсон сифатида тарбиялаб келмоқда.
Гулнора Ҳусенова интилувчан, билимдон, ҳар томонлама кенг дунёқарашга эга, ўзининг педагогик фаолияти, тажрибаси, натижалари ва ютуқлари билан ўрнак кўрсатган, жамоатчилик ҳурматини қозонган фан фидойисидир.
[gallery-14124]
Муаллима фаолияти жараёнида яратган 200 дан ортиқ кўргазмали ва дидактик материалларидан дарсларда маҳорат билан фойдаланади. Шунингдек, Г. Ҳусенова мактабнинг она тили ва адабиёт фанлар бўйича методика бирлашмаси аъзолари сафида сўнгги уч йилда илғор педагогларнинг 20 дан зиёд ўқув-услубий тавсиялари, намунавий дарс ишланмалари ва электрон тақдимот материалларини тўплаб, вилоят миқёсида оммалаштирилишига ҳисса қўшиб келмоқда. 2020 ва 2023 йилларда педагогнинг илғор иш тажрибаси Республика ва вилоят миқёсида оммалаштирилгани ҳам устознинг юксак маҳоратидан дарак.
ЎзА фотомухбири
Тоҳир Истатов олган суратлар