Она кўнгли
...Телефон қўнғироғидан хаёлим бўлинди.
ЎзА кутубхонаси
...Телефон қўнғироғидан хаёлим бўлинди. Аям. Юрагим шув этиб кетди. Икки соатча аввал ҳам қўнғироқ қилган эди. Атай гўшакни кўтармагандим. Бу гал ҳам телефонни қизимга туқаздим:
– Онанг қўнғироқ қиляпти, гаплаш, онажон. Мени сўраса... ваннада дерсан...
Қизим уни ёлғон гапиришга ундаётганимдан озорланиб, телефонни олиб чиқиб кетди. Бир муддат гаплашгач, секин ёнимга келди.
– Дада, қачонгача бунақа қилиб бекиниб юрасиз. Бугунни ўзида учинчи марта қўнғироқ қилишлари менга. Гаплашинг, жон дада. Алдашдан чарчадим. Ҳозир яна қўнғироқ қиладилар. Дорингизни олиб келиб берайми? Томоғингизни чайдингизми? Яна бир марта чайинг, балки сезмаслар...
Телефон жиринглади.
– Ая, ассалому алайкум... Гўшакнинг у томонидан аввал енгил хўрсиниқ, сўнг йиғи овози эшитилди. Негадир ўпкам тўла бошлади. Шу топда онамнинг бағрига бош қўйгим, ажин босган қўлларини кўзларимга суртгим, худди гўдакликда, оғриб қолган пайтларимдаги каби ҳиққилаб эркалангим келиб кетди. Қизим тутиб турган дорини ичмайман, деб хархаша қилгим келарди негадир.
– Ая, яхшиман. Бир оз шамоллабман. Томоғимни биласизку, салга оғриб қолади. Ая... Онам ҳамон бир сўз демас, унсиз йиғларди.
– Сиздан ўргандимда менам. Ўзингиз ҳам мазангиз бўлмаган пайтда қўнғироқларимга жавоб бермайсизку, – дедим вазиятни юмшатиш илинжида гапни ҳазилга буриб. – Гоҳ келинингиз, гоҳ невараларингиз алдайди онам у ёққа кетганлар, онам бу ёққа кетганлар, деб.
Йиғи аралаш кулгу овозини эшитиб, кўнглим ёришди.
– Сен бола онанинг кўнгли нима эканини биласанми ўзи? Сезмайди деб ўйлаганмидинг. Неча марта айтганман мени алдай олмайсан деб. Бармоғингга тикан кирса, юрагим зириллайди...
Икки юз-уч юз чақирим нарида туриб ҳам фарзандининг аҳволи-руҳятини билиб туради оналар. Бу не синоат? Изоҳ йўқ. Жавоб битта: онанинг кўнгли.
Воҳид ЛУҚМОН