Она алласидек ёқимли қўшиқ
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот, Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон. Яшнагай тоабад илму фан, ижод, Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон...
Дунёда шундай қўшиқ борки, у она алласидек ёқимли. У янграганда кўнгиллар ором олади, мудроқ қалблар сергакланади, қалблар ҳаяжонга тўлади. Бу қўшиқ янгарганда катта-ю кичик беихтиёр куйлай бошлайди. Бу шубҳасиз улуғ ва улкан қудратга эга давлатимиз мадҳиясидир.
29 йилдирки мадҳиямиз ҳар тонг янграйди. Фарзандларимиз ҳар тонг мадҳиямиз садолари остида мактабга қадам қўяди.

Шу кунларда барча жойларда – корхона, ташкилот ва муассасаларда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Навоий шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактабида бу кун ўзгача нишонланди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими, Навоий шаҳар бўлинмаси ҳамда мактаб маъмурияти томонидан ташкил этилган “Мадҳиям - фахрим, ифтихорим” мавзусида маънавий-маърифий тадбирни ўқувчилар жонли тарзда мадҳияни ижро этиш билан бошлади. Тадбир иштирокчилари эса уларга жўр бўлди.
Дарҳақиқат, давлатимиз мадҳияси барчамизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялайдиган, ўтмишимиз ва келажагимизга чуқур ҳурматни шакллантирадиган восита саналади. Унинг ҳар бир сатрида халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлигимиз ва ўзаро бирдамлигимиз ўз ифодасини топган.

– Мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи бўлиб, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам унга ҳурмат бажо келтириши шарт, бу қонунда белгилаб қўйилган, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий шаҳар бўлинмаси раиси Эркин Наврўзов. – Мадҳиямиз янгираганда ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси янада жўш уради. Шу азиз ва муқаддас юртни ҳар томонлама ҳимоялаш, унинг гуллаб-яшнаши учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қилишимиз лозимлигини теранроқ ҳис қила бошлаймиз. Мадҳиямиз ҳар биримизни янги маррралар сари етаклайди ва куч-қувват бағишлаб, янада руҳлантиради.
Тадбирда ўқувчилар она Ватанни, юртни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, шеърлар ижро этди. Улар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари барчага бирдек манзур бўлди.
Тадбир сўнгида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан мактаб кутубхонасига китоблар жамланмаси совға қилинди.
Абдували Бўриев, ЎзА