Ўн беш миллиарддан кўпроқ маблағ истеъмолчиларга қайтарилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияга 2021 йилнинг тўққиз ойида фуқаролардан жами 8 686 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 5108 таси оғзаки, 2313 таси ёзма, 1265 таси эса электрон шаклда юборилган.
Ариза ва шикоятларнинг 7656 таси яъни, 88,1 % ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами (ўн беш миллиард бир юз саксон саккиз миллион саксон уч минг уч юз олтмиш олти) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Истеъмолчилар қайси соҳадан кўпроқ норози?
Мазкур тўққиз ой давомида Федерация ва унинг ҳудудий бўлинмаларига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг 3 272 таси (37,7%) савдо соҳасига, 1188 таси (13,7%) газ таъминоти, 915 таси (10,5%) электр таъминоти, 437 таси (5 %) сув таъминоти, 1483 таси (17,1%) эса бошқа соҳаларга тўғри келади. 285 таси (3,3 %) коммунал хизмат соҳасига, 103 таси (1,2%) соғлиқни сақлаш соҳасига, 547 таси (6,3%) хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасига, 180 таси (2,1%) транспорт соҳасига, 276 таси (3,2%) алоқа (ва интернет) соҳасига тўғри келади.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА