Ўмон нашри: Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси
“Ўмон садоси” нашрида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев билан интервью эълон қилинди.
Мақолада мамлакатимиз ташқи туризмини ривожлантириш, айни йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаол сиёсат доирасида жорий йил 6-10 июль кунлари араб давлатларида қатор йирик тадбирлар ташкил этилаётганига урғу берилган.
Ўмон, Кувайт, Баҳрайн ва Қатарда бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси” сайёҳлик форуми алоҳида таъкидланган.

– Бугун Ўзбекистон ўз олдига республикани нафақат хорижлик сайёҳлар учун ноёб йўналиш сифатида танитиш, балки хориждаги етакчи туроператор, инвестор ва давлат сектори вакиллари билан барқарор, самарали алоқа ўрнатишдек улкан мақсадларни қўйган, – дейди мулозим. – “Road Show” кўргазмаси мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини, жумладан B2B – Бизнесдан бизнесга ва G2B – Ҳукуматдан бизнесга форматларини тарғиб қилишга қаратилган қатор тақдимотлар, бизнес анжуманлари ташкил этиш учун стратегик восита ҳисобланади. Тадбирларнинг илк бекати сифатида Ўмон танлангани бежиз эмас. Зеро, Султонлик бой маданият, анъаналарга чуқур ҳурмат ва модернизацияга тинимсиз интилиш йўлини танлаган. Мамлакатни Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга маърифий, маънавий ва тиббий туризм йўналиши сифатида жалб этиш доимий қизиқиш уйғотади. Ишончимиз комилки, Ўзбекистон– Ўмон туризм ҳамкорлиги маданиятлар ва иқтисодиётлар самарали интеграцияси учун намуна бўла олади. Форум дастурига мувофиқ назарда тутилган тадбирлар бир неча асосий мавзу ва йўналишларни қамраб олади. Асосийси, ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар, маънавият ва маданий йўллар, пазандалик саёҳати, экологик ва тоғли йўналишлар диёримизнинг ноёб манзилларини намойиш этади. Қисқаси, Ўзбекистоннинг сайёҳлик таклифлари тақдимоти сайёҳлар эътиборига тўлақонли ҳавола этилади. Шунингдек, туризм инфратузилмаси ва қулай иқтисодий муҳитнинг сармоявий имкониятига алоҳида тўхталиб ўтилади. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган фаол ислоҳотлар бугун халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда хорижлик ҳамкорлар учун, айниқса, меҳмонхона мажмуалари барпо этиш, соғломлаштириш туризмини ривожлантириш, туризм соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қулай ва шаффоф шароитлар яратилган. B2B форматидаги учрашувлар давомида Ўзбекистоннинг етакчи туроператорлари, меҳмонхона корхоналари ва авиакомпания вакиллари ўмонлик ҳамкасблари билан юзма-юз учрашувлар ўтказади. Бу тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва ўмонлик сайёҳлар интилишига жавоб берадиган қўшма туристик пакетлар ишлаб чиқиш имконини беради. G2B учрашувлари виза тартибини соддалаштиришдан тортиб, қўшма туризм дастурлари ишлаб чиқишгача, давлат идоралари ва хусусий сектор учун умумий манфаатдор масалаларни муҳокама қилиш учун майдон яратади. “Road Show” модели Ўзбекистоннинг очиқ, меҳмондўст, замонавий ва хавфсиз мамлакат сифатидаги ижобий имижини миллий ва минтақавий оммавий ахборот воситалари орқали Ўмон Султонлигидаги кенг аудиторияга етказади. Ишончимиз комилки, туристик йўналиш имижини шакллантиришда пухта ўйланган медиа стратегия муҳим аҳамият касб этади. Ўмон Султонлигида бўлажак тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида туризм оқимини тезлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА