Ўмон матбуоти: Ўзбекистон ва Ўмон иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўймоқда
Ўмоннинг “Times of Oman” нашрида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқалар ҳамда қўшма лойиҳалар истиқболига бағишланган мақола эълон қилинди.
“Ўмон ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўймоқда” сарлавҳали материалда икки мамлакат энергетика, тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни кенгайтираётгани қайд этилган.
Нашрда икки мамлакат бизнес-форуми ва кўргазмасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов ушбу тадбир ишбилармонлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, янги инвестициявий имкониятларни ўрганиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим майдон эканини таъкидлаган.
Мақолада “Voltamp Energy” компанияси бошқаруви раиси Айман бин Ҳамад ал-Бусаидийнинг фикрлари ҳам келтирилган. Унинг маълум қилишича, икки мамлакат ўртасида умумий қиймати 1,5 миллиард Ўмон риалидан ортиқ янги лойиҳалар эълон қилинган бўлиб, уларнинг айримлари амалга ошириш босқичига ўтган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг “Space Group” компанияси асосчиси Азизбек Умаралиев Ўмонда 15 нафардан ортиқ инвестор билан музокаралар ўтказганини билдирган. Компания яқин ойларда ушбу мамлакатда ўз шўъба корхонасини очишни режалаштирмоқда.
Материалда “Artel Electronics” компанияси вакили Илҳом Аҳмадовнинг фикрларига ҳам ўрин берилган. У Ўмон бозори ва инвесторлар учун яратилган шароитлар ўзбекистонлик тадбиркорларга янги имкониятлар очаётганини айтган.
Мақола якунида икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши қўшма корхоналар ташкил этиш, ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш ва савдо муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида урғуланган.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА