Оммавий қабуллар: ҳар бир мурожаат ечим топади
Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган эзгу тамойил бугун барча даражадаги раҳбарларнинг асосий вазифасига айланди.
Жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларни қийнаётган муаммоларини ҳал қилиш имконини бермоқда. Фарғона вилоятида айни кунларда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи фаолият олиб боряпти. Фарғона шаҳридаги оғир ҳудуд ҳисобланган “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Республика ишчи гуруҳи вакили Алишер Усмонов, адлия вазири ўринбосари Муртазо Икромов, Олий суд раиси ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев ҳамда Фарғона шаҳар секторлари раҳбарлари иштирокида оммавий қабуллар ўтказилди.
Унда “Оқариқ” дан ташқари “Нафосат”, “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси ҳам ўз таклиф-муаммолари юзасидан масъуллар билан юзма-юз мулоқот қилди. Қабулда Нафосат маҳалласида яшовчи Йўлчи Жамолов бир пайтлар Қарқарқишлоқ қабристонига қарашли бўлган, лекин шаҳар ҳокимлиги захирасига олинган 70 сотих ер майдонини маҳалла қабристонига қайтариш бўйича мурожаати тингланди. Бунинг ижросини таъминлаш учун мутасаддиларга топшириқ берилди. Шу маҳаллада яшовчи Ойгул Абдуллаеванинг бир асрлик умр довонига яқинлашаётган онаси Зулфия Абдуллаевага ногиронлик араваси ажратиш ҳақидаги мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди.
– Оиламизда моддий етишмовчилик борлиги сабаб кўзимда жарроҳлик амалиётини ўтказа олмаётган эдик, – дейди Фарғона шаҳрининг “Соҳибкор” маҳалласидан Тамара Бобоева. – Мурожаатим мутасаддилар иштирокида ўрганилди ва операция учун керакли маблағ ажратиладиган бўлди. “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.Абдуллаеванинг хонадонида иссиқхона ташкил этиши учун имтиёзли кредит олиш масаласидаги мурожаати сектор раҳбарлари томонидан қабул қилиниб, имтиёзли кредит ажратилиши белгиланди. А.Ғуломқодиров Олий суд раиси ўринбосарига ариза билан мурожаат қилиб, доимий рўйхатга қайд этилмаганлиги сабабли ИИБга фуқаролик паспортини олиш масаласида мурожаат қилгани, мурожаати низоли бўлганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги юзасидан судга даъво ариза киритиш масаласида тушунтириш беришни сўради.
Шу кунни ўзида уни даъво аризаси қабул қилиниб. тегишли тартибда ҳал қилиш учун фуқаролик судига тақдим қилинди. Оммавий қабуллар жараёнида фуқаролардан 69 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 9 таси суд-ҳуқуқ масалаларига, 60 таси ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларга тааллуқлидир. Келиб тушган мурожаатларнинг 21 таси жойида ижобий ҳал этилди, 12 та мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 36 та мурожаат қўшимча ўрганиш учун вақт талаб этилганлиги сабабли назоратга олинди.
[gallery-5845]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат) ЎзА