Оммавий ахборот воситалари ходимлари мерганликда рақобатлашди
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида ўтказилган турнир журналистлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларни спортнинг техник ва амалий турлари билан фаол шуғулланишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
“Спорт – саломатлик гарови” шиори остида ташкил этилган мусобақаларда соҳа ходимлари 10 метрлик масофада жойлашган нишонларни пневматик милтиқларда мўлжалга олиш бўйича ўзаро баҳслашди.
Қизғин, дўстона, шу билан бирга, муросасиз кечган беллашувлар натижасида эркаклар ўртасида "Спорт" телеканали ходими Санжар Заитов ғолибликни қўлга киритган бўлса, "Ўзбекистон" телеканали журналисти Муҳаммадали Акбаров 2-ўринни, "Ёшлар" телеканали вакили Ғайратжон Қурбонов 3-ўринни эгаллади.

Хотин-қизлар мусобақасида "Тошкент" телеканали ходимаси Моҳира Қаюмова, "Ёшлар" телеканалидан Динара Раҳимова ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Медиа ва маркетинг департаменти мутахассиси Лаура Закирова совринли ўринларга эгалик қилди.
Турнирнинг ғолиб ва совриндорлари “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА