Омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилди (+видео)
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририга кўра, омбудсман лавозими учун ёш чегараси 25 ёшдан 30 ёшга оширилди. Шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ омбудсман лавозимига сайланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги қонунда омбудсманнинг таъсир чоралари ҳамда ваколатлари ҳам кенгайтирилган.
Жумладан:
- омбудсман эндиликда таъсир чоралари сифатида огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабномадан фойдаланиши мумкин (бунгача у шикоятни қабул қилиши, муаммо ҳолати билан танишиши, шикоят асосида тергов бошлаши ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича тавсияларни ўз ичига олган хулоса чиқариши мумкин эди);
- омбудсман, унинг ўринбосари ва минтақавий вакиллари ҳар қандай вақтда, ҳеч қандай тўсиқларсиз ва огоҳлантиришсиз маҳкумлар сақланадиган жойларга ташриф буюриши мумкин;
- омбудсман ҳузурида қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларининг олдини олиш мақсадида жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади;
- озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони ижро этиш муассасаларидаги омбудсман қутилари орқали мурожаат йўллашлари мумкинлиги белгиланди.
Қонун 15 ноябрь куни эълон қилинди ва шу кундан кучга кирди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/bYyF1e2hzk8?si=8l_BhJuvFhGm5Znq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, У.Тўхтаев ЎзА