Омборлар донга тўлди, бўшаган ерлар такроран экилади
Бухоро вилояти Ромитан тумани ғаллакорлари ўтган йилнинг кузида 5 минг 980 гектар майдонга ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан буғдойнинг серҳосил ва тезпишар “Старшина”, “Алексеевич”, “Гром”, “Краснодарская-99”, “Олимпик” каби истиқболли навлари уруғини экиб, парваришлади. Бугун омборларни тўлдириб, мўл ҳосил йиғиб олинди.
Аниқроқ айтганда, 253 та фермер хўжалигининг мавжуд ғаллазорларидан бугунгача 13 минг тоннадан зиёд сара дон йиғиб қабул пунктларига топширилди. Шу тариқа давлатга дон сотиш режаси бажарилди.
Туман бўйича ҳар гектар ғаллазордан ўртача 70 центнердан ҳосил олинди. Бунда “Халқобод” ҳудудидан “Карим Рабби Агро”, “Саида”, “Санзгамбург Файз”, “Челонғу” ҳудудидан “Замин”, “Нурбек Азизбек Маҳмуд”, “Давлат Машҳур замини”, “Саъдулло Сиддиқ замини”, “Ф.Қурбонов” ҳудудидан “Иброҳим Шамшод Зоҳид”, “Давлатмурод Омад ери”, “Ўринобод”, “Қўрғон” ҳудудидан “Жомард Султон”, “Қўрғон Ромитан саховати”, “Янгиобод” ҳудудидан “Озодбек Дилмурод”, “Асад Полвон”, “Кўхна Замин Жамоли”, “Боғитуркон ” ҳудудидан “Файзулло Сардор Шўробод”, “Бозор Мирхон”, “Нормурод-Ниёз” каби фермер хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. “Зарафшон” ҳудудидан “Бобохон Дилшод Суннат”, “Мажид Бахтиёр Комил”, “Шўрча” ҳудудидан “Асл Омад”, “Жаҳонбек”, “Нурмуҳаммадобод”, “Остон Мадад” каби фермер хўжаликларида гектарлар ҳосилдорлиги 80-85 центнерга етди. Ўрим-йиғим якунигача бу кўрсаткич янада оширилиши кутилмоқда.

Фермер хўжаликларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилганлиги ютуқларга эришишда муҳим омил бўлди. Яъни минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш материаллари ва зарур моддий ёрдам билан ўз вақтида таъминланганлиги катта самара берди. Шунингдек, харид нархлари маблағи ғалла ҳосилдорлигига қараб тўланиши ҳам давлат шартномавий режаларининг шараф билан уддаланишида муҳим аҳамият касб этди.
Жорий йилнинг июнь ойи дастлабки кунларидан бошланган ўрим-йиғим мавсумига ҳудудда 27 та юқори унумли комбайн экипажи ва ҳосилни қабул масканига ташишда юздан ортиқ зарур техника жалб этилган. Ҳар бир комбайн экипажи бир кунда 70-80 тонна атрофида ғаллани саранжомлагани, қолаверса, комбайн операторларига бўнак пули берилиб, ўрим отрядларига техник хизмат кўрсатишда зарур шароит, эҳтиёт қисм ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳозирлангани ҳам ўз натижасини берди.
Айни пайтда ҳам жараёнда юзага келиши мумкин бўлган нуқсон ва камчиликлар даланинг ўзида бартараф қилиниб, кунлик иш ҳажми сарҳисоб қилинмоқда. Ана шу саъй-ҳаракат туфайли бугунга келиб туманда ялпи хирмонни 45 минг тоннадан ошириш учун меҳнат қилинмоқда. Негаки, далада ҳали ҳосил чўғи баланд, комбайн “ўроғи” тушмаган контурлар кўп. Мутахассисларнинг фикрича, ғаллазорлардаги жами буғдой йиғиб олинса, ғаллачиликдан келадиган умумий даромад 135 миллиард сўмни ташкил этади.
Шу билан бирга ҳосилдан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгор қилиниб, кластер ва фермер хўжаликлари томонидан оталиққа олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга такрорий экин экиш учун бўлиб берилмоқда. Маълумотларга кўра, туман бўйича 1 минг 798 нафар аҳолига 899 гектар ғалладан бўшаган ер майдонларини такрорий экин экиш, мавжуд имкониятлардан омилкорлик билан фойдаланиб, даромад топиш учун тақсимлаб бериш кўзда тутилган.

Бунда тажрибали деҳқон ва фермерлар ғалладан бўшаган ерларни парваришлаш билан боғлиқ ишлар, жумладан, ерни керакли минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ўғитлаш, экин турига қараб ўз вақтида суғориш, унга уруғлик қадаш, чопиш юмшатиш ва умуман, барча зарур агротехник тартиблари ҳақида ёш деҳқонларга тавсиялар беришади. Шунингдек, бундай тоифадаги оилаларга 300 килодан буғдой ҳам тарқатилади.
Зариф Комилов, ЎзА