Олтинсойда суд биноси янгиланди
Сурхондарё вилоятида Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг янгиланган биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Тадбирда туман ҳокими О. Мавлонов, вилоят суди раиси Т. Байзаков ва бошқалар мамлакатимиз одил судлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариб, халқимизнинг қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда яхши самаралар бераётганини таькидлади. Бу жараёнда одил судлов учун барча замонавий шароит яратилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани қайд этилди.

Президентимизнинг 2026 йил 14 августдаги "Одил судлов -2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Суд бинолари мамлакатнинг нуфузи ва одил судловни амалга ошириш вазифаларига мос қулай, хавфсиз ва замон талабларига жавоб берадиган намуна асосида бунёд этилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича туман судининг янгиланган биносини таъмирлаш чоғида қўшимча бинолар барпо этилиб, компьютер, мебель ва бошқа жиҳозлар билан таьминланди. Учта суд зали, маслаҳат хонаси, девонхона, архив, адвокат хонаси,фуқароларни қабул қилиш зали ва бошқа хоналарда барча замонавий шароит яратилди.

–Биз хизмат қилган даврларда бунақа шароитларни орзу қилардик,–дейди соҳа фахрийси Жўрақул Азимов. –Мослаштирилган, ҳаминқадар қулайликка эга биноларда ишлаганмиз. Эндиликда яратилаётган қулайликларга ҳавасимиз келади. Буларнинг барчаси жамиятда адолатни қарор топтириб, одил судловни амалга ошириш, халққа ҳалол хизмат қилиш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг амалдаги ифодасидир.

Тантанали очилиш маросими иштирокчилари янгиланган суд биносида яратилган шароитлар билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири