Олтинсойда пилла топшириш бошланди
Олтинсой туманидаги Мустақилликнинг 10 йиллиги маҳалласида яшайдиган тажрибали пиллакор Омон Бўтаев хонадони Сурхондарё вилоятида биринчи бўлиб, баҳорги пилла ҳосилини териб олди.
Қарийб 40 йиллик тажрибага эга моҳир пиллакор 4 қути ипак қуртини парваришлаб, қабул пунктига 305 килограмм сифатли хомашё топширди.


Жорий йилда Олтинсой туманидаги 1 минг 250 хонадон ва еттита пиллахонада 2 минг 517 қути ипак қурти парваришланиб, 151 тонна ҳосил олиш мўлжалланаётир.

Мутахассисларнинг айтишича, вилоятда шу йилдан бошлаб ипак қуртини Въетнам тажрибаси асосида интенсив усулда плёнка остида парваришлаш йўлга қўйилган. Мавсумда 35 минг 547 қути ипак қуртини боқаётган пиллакорлар 2 минг 286 тонна сифатли хом ашё териб олишни режалаштирган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири