Олтинсойда этнотуризм ва Сурхоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда
Олтинсой туманида Ўзбекистон этнотуризми ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтмоқда.
Байрамона руҳда ўтаётган фестивалда Сурхондарё вилоятининг туман ва шаҳар павильонлари барпо этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос миллий қадрият ва таомлари, узумчилик, виночилик анъаналари, мева-сабзавотлари, ҳунармандлик маҳсулотлари ва сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилмоқда. Айниқса, Олтинсойда етиштирилаётган болдек ширин турли навдаги узумлари, вино маҳсулотлари, миллий қадрият ва анаъналари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Вилоятдаги олий таълим муассасалари ташкил этган “Дунё таомлари ва халқлари” кўргазмаси, миллий спорт ўйинлари, фольклор-этнографик жамоалар чиқишлари ҳамда бренд-ресторанлар тақдимотлари ўтказилмоқда.
– Фестиваль юртимиз халқининг изланувчан, меҳнаткаш ва бунёдкорлик каби хислатларини кенг намойиш этаётгани билан жуда қизиқарли ўтмоқда, – дейди Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори Ойбек Рўзиев. – Унда институтимизнинг изланувчан, истеъдодли талабалари ҳам фаол иштирок этиб, афғон миллий таомлари кўргазмасини ташкил этди. Ён қўшнимиз ошхонасида тайёрланадиган таомлар фестиваль қатнашчиларига манзур бўлмоқда.
[gallery-31971]
Тўкин турмуш, ҳалол меҳнат ва шукроналик каби юксак фазилатларимиз намоён бўлаётган шодиёнанинг тантанали очилиш маросими пойтахтдан келган санъаткорлар, воҳанинг таниқли хонандалари ва фольклор жамоалари чиқишлари билан якунланди.
Фестивалда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Вилоятнинг бой сайёҳлик салоҳияти кенг тарғиб қилиниб, маҳаллий маҳсулотларни оммалаштириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилаётган тадбир давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири