Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон!
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят марказига кўрк бағишлаб турган “Уч фаввора” хиёбонида ўтказилган байрам маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, ҳарбийлар, санъаткорлар ва спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари жамул-жам бўлдилар. Барча йиғилганлар мадҳиямизни жўр бўлиб, куйлади.
- Бугун жаҳоннинг турли бурчакларида Ўзбекистонимиз мадҳияси баралла янграмоқда. Мана шундай дақиқаларда буюк юрт фарзандилигингдан, мамлакатинг мадҳияси эса дунёдаги энг улуғвор ва бетакрор тароналардан бири эканлиги билан фахрланасан, - дея таъкидлади тадбирда иштирок этган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов.
Дарҳақиқат, ҳар биримизга ўзгача шукуҳ ва ғурур бағишлайдиган мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда том маънода, бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осудалик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум қилинган.
[gallery-356]
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоир Зиёвиддин Мансуров, каратэ бўйича Осиё чемпиони, Жаҳон лигаси совриндори, Осиё ўйинлари кумуш медали совриндори Баҳринисо Бобоева ўз сўзларида мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, муҳими юртга меҳр уйғотиши, айниқса Ватан шону шавкатини дунё миқёсида кенг таратаётган Муроджон Аҳмадалиев, Нозимахон Қаюмова, Адҳамжон Эргашев, Баҳринисо Бобоева, Шукуржон Раҳимов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Нурхон Муҳиддинова каби наманганлик спортчилар ҳам дунёнинг йирик ареналарида юртимиз мадҳияси садолари билан тўлдираётгани беҳад қувонарлидир.
Тантанали тадбирда санъат усталари ва ёш, умидли хонандалар ижросидаги она-юртимизни улуғловчи қўшиқлардан иборат ҳавола этилган концерт дастури барчага бирдек завқ-шавқ улашди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган санага бағишланган тадбирлар вилоятнинг туман ва қишлоқларида давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА