Олтин барглар шивиридаги ҳаёт
Баъзан бир манзара инсонни узоқ йиллар ортга қайтариши мумкин. Бугун ишхонамизнинг деразасидан кузнинг олтинранг тусга кирган дарахтларига қараб туриб, шундай ҳолатни ҳис қилдим. Енгил шабадада тебранаётган барглар кўзимни қувнатди, хаёлимни эса фарзандларимнинг беғубор болалик йилларига етаклади.
Кечагина қўлимдан тутган, ҳар бир қадамини кузатиб юрган фарзандларим бугун улғайди. Энди уларнинг ўз орзу-мақсадлари, ҳаёт йўллари бор. Буни англаш қалбимда ширин соғинч уйғотди. Дераза ортидаги куз манзараси эса бир лаҳзага ўтмиш ва бугунни боғлаган кўприкка айланди.
Шунда ўйладим: биз баъзан катта воқеаларни кутиб, ҳаётнинг энг гўзал лаҳзаларини сезмай ўтказиб юборамиз. Кундалик юмушлар, шошилинч вазифалар, битмас-туганмас ташвишлар орасида бироз тўхтаб, атрофга назар ташлашга ҳам вақт тополмаймиз. Ҳолбуки, қалбимизга илиқлик бағишлайдиган хотиралар кўпинча ана шундай оддий онларда туғилади.

Кузнинг ҳар бир баргида ҳам ҳаётнинг ўзига хос манзараси бор. Баҳорда куртак ёзган, ёзда соя берган дарахтлар энди баргларини тўкмоқда. Табиатдаги бу ўзгариш бизга вақтнинг тинимсиз ҳаракатини эслатади. Аммо кузни фақат айрилиқ ёки интиҳонинг рамзи деб қабул қилиш ҳам тўғри эмас. Унда хотира, тафаккур ва янги фаслга тайёргарлик ҳам мужассам.
Ҳар ким бу манзарадан ўзича маъно топади. Кимдир уни суратга муҳрлайди, кимдир бир лаҳза томоша қилиб, йўлида давом этади. Мен эса бугун кўрганларимни хотирамда асраб қолдим. Чунки баъзи лаҳзаларни тасвирга туширишнинг ўзи кифоя қилмайди, уларни қалбинг билан ҳис қилишинг керак.

Ишхона деразасидан кўринган олтинранг барглар менга фарзандларимнинг болалигини, вақтнинг қайтарилмаслигини ва бугуннинг ҳам эртага хотирага айланишини эслатди. Балки, ҳаётни қадрлаш ҳам шундан бошланар: шошилиш орасида бир лаҳза тўхтаб, кўз олдимиздаги гўзалликни кўра билишдан.
Нилуфар Бозорова, ЎзА