Олтиариқда “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида хотира тадбири ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ватан учун жон фидо қилган аждодлар хотирасини ёд этиш, фахрийларни эъзозлаш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
“Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида ўтказилган тадбирда Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, туман ҳокимлиги раҳбарияти, Қуролли Кучлар фахрийлари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотираси ҳурмат билан ёд этилди. Шундан сўнг ёшлар иштирокида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамловчи чиқишлар намойиш этилди.
Мулоқотлар давомида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Фарғона вилояти аҳолиси фронтда ҳам, фронт ортида ҳам юксак фидойилик намунасини кўрсатгани таъкидланди. Маълумотларга кўра, вилоятдан 150 мингдан ортиқ инсон фронтга сафарбар этилган бўлиб, уларнинг 54 мингдан зиёди ҳалок бўлган. Фарғоналиклар орқа фронтда ҳам саноат, тиббиёт ва ижтимоий соҳаларда фаол иштирок этиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган.
[gallery-29244]
Шунингдек, Олтиариқ туманининг Истиқлол маҳалласида жойлашган ёдгорлик 1983 йилда барпо этилгани, сўнгги йилларда эса кенг жамоатчилик ташаббуси билан ҳудуд ободонлаштирилгани қайд этилди. Бу жараёнда маҳаллий фаол Муҳаммадали ота Бўймирзаевнинг ташаббуси ва фидойилиги муҳим аҳамият касб этган.
Бугунги кунда Шарқий ҳарбий округ томонидан ҳудудда ҳарбий техника ва қуроллар макетларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса масканнинг маънавий-маърифий аҳамиятини янада ошириб, уни ёшлар учун тарбиявий ва тарихий аҳамиятга эга очиқ майдонга айлантирмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА