Оловда хазон, ҳавода заҳар: бу одат қачон тугайди?
Кузнинг салқин тонгидан баҳра олиш учун деразамни очдим. Димоғимга аччиқ тутун ҳиди урилди. Кимдир ҳовлида тўпланиб қолган хазонлар, ариқ бўйидаги қуруқ шох-шаббаларга гугурт чаққан. Бир қарашда оддий манзара. Гўёки хазонни ёқиш — кузги тозаликнинг бир қисми. Аслида бунинг ортида ҳавонинг ифлосланиши, инсон саломатлигига зарар ва тупроқ унумдорлигининг пасайиши каби жиддий оқибатлар яширин.
Дарахтларни асраш ҳақида бежизга бонг урилмаяпти. Маълумотларга асосан биттагина дарахт бир мавсумнинг ўзида бир йилда ўн кишининг истеъмолига етарли бўлган кислород ишлаб чиқарар экан. Шундай экан, бир гектар дарахтзор 220-280 кг. карбонат ангидрид ютади ва 180-220 кг. кислород чикаради. Бундан ташқари дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини камайтиради ва шовқинни пасайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси дала майдонларида анғиз, хазон, шох-шабба ва бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқмаслик борасида яна бир бор огоҳлантирди. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, ўсимлик қолдиқлари ёқилганда атмосферага углерод оксиди, азот оксидлари, азот диоксиди, бенз(а)пирен, диоксинлар, дибензофуран, олтингугурт оксидлари ва бошқа зарарли бирикмалар ажралиб чиқади. Булар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга жиддий хавф туғдириши мумкин. Оловнинг юқори ҳарорати тупроқ таркибидаги макро ва микроэлементларга зарар етказади, унумдорликни пасайтиради. Яъни деҳқон ердан ҳосил олиш учун йил бўйи меҳнат қилади, аммо мавсум охирида анғизга ўт қўйиб, ўзи етиштирган ернинг табиий имкониятларига путур етказиши мумкин. Айниқса, нафас йўллари сезгир бўлган болалар, кексалар ва сурункали касалликлари бор инсонлар учун бундай тутун хавфли. Бир ҳовлида ёқилган хазоннинг тутуни фақат уни ёққан одамнинг ўзигагина таъсир қилмайди. У ҳаво оқими билан бутун атрофга тарқалади.
Қайд этилишича, дала майдонларида ўт ёқиш қонунчилик билан тақиқланган. Бундай ҳуқуқбузарликлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача жаримага сабаб бўлиши мумкин. Ёнғин содир бўлган экин майдонларига етказилган зарар учун ҳам амалдаги тартибда иқтисодий чоралар белгиланади. Бу борада назорат ҳам кучайтирилмоқда. “Ўзбеккосмос” агентлиги давлат космик мониторинги дастури доирасида сомонпоялар ёқилиши ҳолатларини аниқлаш, ҳуқуқбузарларни белгилаш ва уларга нисбатан тезкор чора кўриш бўйича ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Бироқ фақат жарима ва назорат билан муаммони тўлиқ ҳал этиб бўлармикин? Чунки, ҳар йили соҳа вакилларининг бир неча марталаб огоҳлантиришларига қарамасдан, кузда хазон ёқиш ҳолатлари такрорланаверади.
Бугун тоза ҳаво масаласи кундалик ҳаётимиздаги энг муҳим муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бир томондан, ҳавонинг ифлосланишидан шикоят қиламиз, иккинчи томондан эса ўзимиз хазон, шох-шабба ва сомонпояларга ўт қўямиз. Шундай лоқайдликдан сўнг биз тоза ҳавони кимдан кутяпмиз?

Хазонни ёқмаслик фарзандларимиз нафас оладиган ҳавони, ернинг унумдорлиги ва атрофимиздаги инсонлар саломатлигини асрашдир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА