Олот туманида замонавий кутубхона
Бухоро вилояти Олот туманининг “Мухтор” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг маънавий камолотини юксалтиришга хизмат қиладиган яна бир муҳим маскан — замонавий кутубхона фойдаланишга топширилди. Ушбу хайрли ташаббус китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш, ёшларни илм-фан ва маърифатга ошно этиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлардан бири сифатида катта аҳамият касб этмоқда.
Кутубхонанинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, туман ҳокими Наргиза Неъматова, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ҳудуд ёшлари иштирок этди. Тадбирда китоб ва маърифатнинг инсон ҳаётидаги ўрни, айниқса, баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Замонавий услубда барпо этилган ушбу иншоотда болалар ва ёшлар учун алоҳида ўқув заллари, бой китоб фонди, электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда замонавий технологиялар билан жиҳозланган хоналар ташкил этилган.
— Кутубхона азалдан илм-маърифат ўчоғи ҳисобланади. Маҳалламиз марказида қад ростлаган ушбу маскан ҳамкорликда барпо этилди. Лойиҳа учун 650 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, аҳолига қулай ва барча талабларга жавоб берадиган муҳит яратилди, — дейди ушбу ташаббус фаолларидан бири, маҳалла фуқароси Шаҳноза Наврўзова.
[gallery-29299]
Тадбирда кутубхонанинг рамзий алвон лентаси қирқилиб, иштирокчилар янги маскандаги шарт-шароитлар ва китоб фонди билан яқиндан танишди. Ёшлар билан ўтказилган самимий мулоқот чоғида илмга чанқоқ ва фаол йигит-қизлар муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, бир гуруҳ иқтидорли ёшларга “Ibrat Academy”нинг олтин карточкалари совға қилинди.
Учрашув якунида эса ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг дунёқарашини кенгайтириш мақсадида олотлик фаол ўғил-қизларга Тошкент шаҳрига бир ҳафталик саёҳат ва дам олиш йўлланмалари топширилди. Бу эса ёшлар қалбида унутилмас қувонч ва катта мотивация уйғотди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.