Олмаотада “Қамбарота ГЭС-1” бўйича навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. Унда қайд этилишича, жорий йилнинг 21-23 сентябрь кунлари Олмаота шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикасининг энергетика, сув хўжалиги ҳамда ташқи ишлар соҳаларига масъул вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ҳукуматлараро битим лойиҳасининг асосий қоидалари кўриб чиқилди. Хусусан, ГЭСни биргаликда амалга ошириш ва бошқариш механизмлари, молиялаштириш, томонларнинг мажбуриятларини белгилаш ҳамда кейинги ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда Жаҳон банки вакиллари ҳам кузатувчи сифатида қатнашиб, Ҳукуматлараро битим лойиҳасини тайёрлаш жараёнига техник кўмак кўрсатмоқда.
“Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика тизимлари барқарорлигини таъминлаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, 2026 йил 30 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан музокараларида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Унда “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаш ва лойиҳани амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматлараро битим лойиҳаси бўйича музокараларнинг биринчи давраси 2026 йил 31 март-2 апрель кунлари Бишкек шаҳрида, иккинчи давраси эса 28-30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган. Олмаотадаги учрашув музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА