Олмаотада Ҳамдўстликнинг спорт масалаларига доир йиғилиш ўтказилди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Ҳамдўстликнинг спорт пойтахтлари” давлатлараро дастури доирасида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон, Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон Республикаларининг тегишли соҳа вакиллари қатнашган анжуманда Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг ўринбосари Мурод Исмоилов жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги спорт қиёфаси ёрқин намойиш этилмоқда.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган индустриал юксалишлар, спорт алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар дўстона муносабатларнинг янада равнақ топишига хизмат қилмоқда.
Муҳокамалар жараёнида спорт турларини ривожлантириш, қўшма тадбирларни ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Т. Рўзиев, ЎзА