Олий таълимда креатив ёндашув самаралари
Мамлакатимизда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, олий таълим тизимида рақобатга чидамли кадрлар тайёрлаш масаласи долзарб вазифа сифатида қўйилди.
Инсондаги тушунчани, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб таълим соҳасида юқори натижаларга эришиб бўлмайди, зеро жамиятнинг аксарият кишилари ҳанузгача яхши мутахассис эмас, талаба бўлиб олишни ўзларининг асосий мақсади деб билади. Ота-оналар ҳам ўз фарзандини университет талабаси бўлишини орзу қилади. Албатта, улар орасида фарзандига фаровон яшаш имконини берувчи, муҳим касб эгаси бўлишини таъминлайдиган соҳаларга йўналтирувчилар ҳам бор.
Олий таълим ташкилотлари бу борада ўз олдига қандай мақсад қўймоқда?! Тўғри, давлат таълим стандартлари, малака талабларига мос кадрлар тайёрлашга ҳаракат қилинади, аммо бу кўпинча ҳужжатда қолиб кетади. Мамлакатимизда хусусий секторни ривожлантиришга жиддий эътибор берилмоқда ва бу ҳар бир соҳада ўз самарасини бермоқда. Айнан олий таълим тизимида ҳам нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятининг йўлга қўйилиши давлат университетлари билан ижобий маънода рақобат муҳитини юзага келтирди.
Дарҳақиқат, жамият орасида хусусий ОТМларга камроқ ишонч билдирадиганлари ҳам бор, уларни таълим ниҳоясига етганда қандай диплом берилади, у яроқли бўладими, деган савол қийнайди. Бу муаммо эмас, хусусий университетлар ҳам давлат ОТМлари олдига қўйилган ижтимоий буюртмани бирдек бажаради ва давлат намунасидаги диплом берилади, бу қонун билан кафолатланган. Ҳатто нодавлат олий таълим ташкилотлари фаолияти ҳам Конституцияда ўз аксини топди.
Муаммо бошқа масалада. Олий таълим тизими, жумладан, хусусий ОТМлар қандай кадрлар тайёрламоқда?! Тўлов-шартнома нархи давлат университетларидан кўпроқ бўлган нодавлат таълим ташкилотлари нимаси билан ажралиб туради?
Аввало, профессор-ўқитувчиларга қулай шароит яратилган. Талабалар учун ҳам замонавий шароитлар мавжуд. Ўқув воситалари сифатли таълим олишга имкон беради. Тошкент Амалий фанлар университетида ҳам ўз номига мос бўлган ёндашув қўлланяпти. Талабаларнинг амалий кўникма ва малакага эга бўлиши учун янги методлар жорий этилмоқда. Университетда яқинда жорий этилган дуал таълим тизими ҳам талабаларнинг билим савиясини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Аслида таълимда бирор янги ислоҳот амалга оширилса, у факультет ёки университет раҳбариятининг ҳисобот иши бўлиб қолмаслиги керак. Ҳар бир фан ўқитувчиси ўз фаолиятида бу янгиликни татбиқ этиб бориши зарур.
Тошкент Амалий фанлар университетидаги таълим мазмуни битирувчи тайёрлаш эмас, балки амалиётни кўрган, соҳа учун зарур кўникма ва малакага эга мутахассис тайёрлашга қаратилган. Талабалар университетда ҳафтасига 4 кун профессор-ўқитувчиларни тинглаб, адабиётларни ўқиб, сўнг ҳафтасига 2 кун ишлаб чиқаришда амалий фаолиятда бевосита кўриб ўрганади, тушунганларини амалда қўллаб кўриб, малака ҳосил қилади. Шу ўринда, талабага ўтиладиган ҳар бир фан уни келажакда керакли кадр бўлиб шаклланишида хизмат қилишига алоҳида урғу берилади.
Техника, иқтисодиёт, табиий ва аниқ фанлар шунингдек, педагогика йўналишларида дуал таълимнинг аҳамиятини тасаввур қилиш осон, чунки бу соҳаларда тўғридан-тўғри жамият учун керакли кадрлар тайёрланади. Ўзини ўзи банд қилиш имкониятига ҳам эга бўлишади, университетда мазкур кўникма ва малакалар шакллантирилади. Бироқ ижтимоий-гуманитар йўналишда, хусусан, филология факультетида таҳсил олаётган талаба қандай ўқитилиши керак?!
Амалий фанлар университетида бу масала ҳам эътиборга олинган. Малакали профессор-ўқитувчилар талабаларга нафақат ихтисослик фани асосларини ўргатади, балки унга алоқадор, жамиятда эҳтиёж юқори бўлган хизмат турларини бажара олиш, ўзини ўзи банд қилишга мустақил таълим топшириқлари орқали йўналтиради. Бу борадаги ишлар дастлабки амалий натижаларини кўрсатмоқда. Хусусан, ўзбек тили ва адабиёти йўналишида фольклор бўйича таниқли мутахассис – филология фанлари доктори, профессор Олимжон Қаюмов талабаларга “Фольклоршунослик” фанидан таълим бериш билан бирга мазкур фанни қадрият сифатида улуғлаш, уни жамият орасида жонлантириш, оммалаштириш, мамлакат, қолаверса, дунё миқёсида танитиш бўйича амалий, муҳим лойиҳалар тайёрлашни мустақил таълим топшириғи сифатида бериб, уларни фойдали ишга йўналтирмоқда.
Талабалар фольклор намуналарини тўплаш ва ўрганиш бўйича сўровнома-анкеталар, туристларга энг қадимги фольклор намуналари ҳақида маълумот берувчи йўриқнома, қўлланма, буклет ва уларнинг электрон намуналарини тайёрлаш, мамлакатда миллий қадриятларни ўрганиш ва қўллаб-қувватловчи ташкилот ва марказлар билан ҳамкорлик қилиш, фольклор намуналаридан фойдаланиб, креатив реклама маҳсулотларини тайёрлаб бериш каби хизматларни йўлга қўйишни ўрганмоқда. Булар, албатта, кредит-модуль тизимининг асоси бўлган мустақил таълимдан самарали фойдаланиш ҳисобига амалга ошади.
Университетнинг яна бир нуфузли олими тадқиқотчи-профессор Бахтиёр Менглиев “Тилшунослик асослари” фанини талабаларга ўтар экан, уларга дунё тиллари ва уларнинг таснифи, универсал тил ҳодисалари, тилларнинг универсал ички қурилишини, тиллар тизимида ўзбек тилининг ўрнини ўргатиш билан бирга ўзбек тилини ривожлантириш бўйича бугун қилиниши зарур бўлган амалий ишлар ҳақида маълумот бериб боради. Мустақил таълим топшириқлари сифатида талабаларга ўқув луғатлар яратиш, электрон луғат тузиш, мобил иловалар яратиш, миллий тил корпуси учун морфологик шаклларини аниқлаш, мактаб ва боғчалар учун ўқув изоҳли, расмли луғатлар яратиш каби амалий аҳамияти юқори топшириқлар беради. Талабаларни бугунданоқ фойдали иш билан шуғулланишга ўргатади.
Амалий фанлар университети ҳузурида бевосита Бахтиёр Менглиев ташаббуси асосида тил ва тилшунослик масалалари билан амалий шуғулланиш имкониятига эга бўлган “Лингвистик клиника” маркази ташкил этилмоқда.
Мазкур марказ лингвистик экспертиза, матн таҳрири, матн таржимаси, ўқув луғатлари яратиш, диссертация мавзулари ва авторефератларни таҳрир қилиш, миллий тил корпуси учун материал тайёрлаш, ёзма ишларни текшириб бериш, социолингвистик сўровлар ўтказиб бериш каби хизматларни амалга оширишни кўзда тутмоқда. Ушбу марказ университет талабалари учун амалиёт ўташ, қўшимча касб ўрганиш, ўзини ўзи вақтли банд қилиш масканига айланади.
Университетда педагогика соҳасига доир янги илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда, олимлар ўқитиш методикасида амалий аҳамиятга эга бўлган кўриб тушуниш малакасини узлуксиз таълим тизимида жорий қилишни таклиф қилмоқда. Таълимда кўриб тушуниш кўникмасининг амалий аҳамияти, хусусан, касбий малакани такомиллаштиришдаги ўрнини илмий асослашга ҳаракат қилмоқда.
Умуман, Тошкент Амалий фанлар университетида кредит-модуль тизимига ўтиш босқичида мустақил таълим орқали талабаларни фойдали банд қилиш амалиётини, шунингдек, амалий аҳамиятга эга илмий тадқиқотлар билан шуғулланишга доир тажрибани оммалаштириш самарали натижа беради.
Ғофир Ҳамроев,
Тошкент Амалий фанлар университети тадқиқотчи-профессори, педагогика фанлари доктори
ЎзА