Олий таълим тизимида коррупциявий жиноятлар камайганми?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Олий ва касбий таълим ҳамда илм-фан соҳасида коррупциянинг олдини олиш: очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назорати” мавзусида жамоатчилик эшитуви ва очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади олий ва касбий таълим ҳамда илм-фан тизимида коррупциянинг олдини олиш, соҳадаги жараёнларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан олий таълимга қабул, шартнома ва стипендия тўловлари, талабаларни турар жойларга жойлаштириш каби жараёнларни рақамлаштириш натижалари, коррупциявий хавфларни камайтириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда давлат буюртмаси асосида амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, олиб борилган тизимли ишлар натижасида олий таълим муассасаларида коррупциявий жиноятлар сони изчил камайган.
[gallery-29787]
Хусусан, ўтган 2024 йилда коррупциявий жиноятлар учун 90 нафар ходим судланган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 81 нафарни ташкил этган бўлиб, бир йил ичида 9 тага камайиш қайд этилган.
Содир этилган коррупциявий жиноятлар орасида пора олиш, пора бериш ёки уларда воситачилик қилиш каби ҳолатлар сезиларли даражада қисқаргани ҳам қайд этилди.
Шунингдек, вазирлик тизимида коррупцияга қарши ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили 2 мингдан ортиқ педагог ва 300 минг нафардан зиёд талаба-ўқувчи “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” платформасида махсус ўқув курсларида иштирок этмоқда. Олий таълим дастурларига коррупциянинг оқибатлари ва унга қарши курашиш механизмларига бағишланган мавзулар киритилган бўлиб, ҳозирги кунда 194 мингдан ортиқ талаба ушбу йўналишда таълим олмоқда.
Сўнгги икки йил давомида “Ёшлар коррупцияга йўқ дейди” мавзусида “Энг яхши расмлар”, “Коррупциядан холи таълим муассасаси” мавзусида “Энг яхши видеороликлар” республика кўрик-танловлари ҳамда “Коррупцияга қарши курашишга оид билимлар беллашуви” ҳам мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Жамоатчилик эшитуви якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида олий таълим ва илм-фан соҳасида коррупциявий хавфларни янада қисқартириш, очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтиришга қаратилган амалий ташаббусларни илгари суриш бўйича келишувларга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,Ўктам Ҳайитов (сурат)
ЎзА