Олий таълим соҳасида БАА билан алоқа мустаҳкамланмоқда
Бу ҳақда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Бирлашган Араб Амирликлари “Synergy University” ўртасида ҳамкорлик масаласи юзасидан бўлиб ўтган мулоқотда айтиб ўтилди.
БАА университети Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Юлия Метелиция билан кечган мулоқотда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, талабалар алмашинуви дастурини ташкил этиш ва биргаликда кадрлар тайёрлаш тамойили асосида иш олиб бориш масалалари муҳокама этилди.
Россиядаги йирик хусусий университетлардан бири, 1988 йил ташкил этилган “Synergy University” халқаро миқёсда таълим берувчи нуфузли олийгоҳлардан бири сифатида танилган.

Учрашувда мавжуд алоқаларни ривожлантириш, хусусан қўшма таълим дастурлари доирасида мамлакатимиз ёшларининг мазкур университетда таълим олиши, вазирлик, идоралар мутахассислари учун стажировка дастурлари ташкил этилиши бўйича келишувга эришилди.
Жамғарма ижрочи директори ўринбосари вазифасини бажарувчи Жавоҳир Аҳмедов мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар, ўзбек ёшларининг етакчи хорижий олий таълим даргоҳларида таълим олиши ва илмий-тадқиқот олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб берди. Мавжуд таълим дастурлари бўйича мутахассисларни хорижда, жумладан “Synergy University”да таълим олиши бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш, жамғарма стипендиатларига маълум миқдорда грант ажратиш юзасидан таклифлар билдирди.

Ёшларимиз мазкур университетда таълим олиши учун яратилган имкониятлар мавзусига бағишланган вебинар ташкил этишга келишилди. Барча таклифлар ҳамкорлар томонидан маъқулланди. Меморандум асосида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари ўқиш харажатига чегирма жорий этилиши маълум қилинди.
Г.Сатторова, ЎзА