Олий Мажлис Сенатида учрашув
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2016 йил 2 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутатлари Элдор Ибрагимов, Элман Носиров, Сиёвуш Наврўзов билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2016 йил 2 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутатлари Элдор Ибрагимов, Элман Носиров, Сиёвуш Наврўзов билан учрашув бўлиб ўтди.Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ижтимоий, сиёсий, маданий-маърифий соҳалардаги самарали ҳамкорлик мамлакатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик, биродарлик, оға-инилик ришталари узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан Ўзбекистон – Озарбайжон ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, мустаҳкам ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида йўлга қўйилган ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил давом этиши, самимий алоқалар янада такомиллашиб бориши қайд этилди.
Учрашувда икки мамлакатнинг парламентлари ва сайлов тизими, бу борадаги ўзгариш ва янгиликлар хусусида фикр алмашилди.
– Мамлакатингизда ўтадиган сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, – деди Э.Ибрагимов. – Ҳар гал бетакрор Ўзбекистонга келганимизда бу ердаги самимий инсонлар, меҳмондўст ўзбек халқига ҳурматимиз яна бир бор ошади. Ўзбекистонда сайловга пухта тайёргарлик кўрилган. Партияларнинг фаоллиги, номзодларнинг тарғибот тадбирлари тенг шароитда, демократик тамойилларга мос тарзда амалга оширилган. Бу мазкур сиёсий тадбирнинг юқори савияда ўтишида муҳим аҳамиятга эга.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Бельгия Қироллигининг фахрий сенатори Доминик Тильманс билан учрашув бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев билан суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бельгия ҳамкорлиги сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда тобора ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Икки давлат ўртасидаги парламентлараро муносабатлар изчил фаоллашиб бормоқда. Бельгия парламент вакиллари Ўзбекистонда тез-тез бўлиб, турли тадбир ва анжуманларда мунтазам иштирок этмоқда. Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, парламент ва сайлов тизимидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
– Ўзбекистон тарихан қисқа давр – мустақилликнинг йигирма беш йили ичида қўлга киритган улкан ютуқларга ҳавас қилса арзийди, – деди Д.Тильманс. – Юртингиз эришган катта муваффақиятлар замирида Биринчи Президентингиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «ўзбек модели»нинг ҳаётга изчил татбиқ этилганлиги муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги йилдан-йилга такомиллашиб, сайловни ташкил этиш ва уни ўтказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.