«Олисларда милтирар шуъла»
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида журналист Абдукарим Раҳимбердиев хотирасига бағишлаб «Олисларда милтирар шуъла» деб номланган маърифий хотира тадбири бўлиб ўтди.
Миллий журналистикамиз ривожи кўплаб қалами ўткир, маҳоратли, истеъдод соҳибларининг ижоди билан чамбарчас боғлиқдир. Абдукарим Раҳимбердиев ана шундай фидойи ва заҳматкаш ижодкорлардан бири эди. Маълумотларга кўра, у 1951 йил 28 апрелда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ қишлоғида зиёли оиласида таваллуд топган эди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тугатгач, меҳнат фаолиятини Бўстонлиқ туман газетасида бошлаган. Сўнгра республиканинг етакчи нашрлари «Тошкент ҳақиқати», «Совет Ўзбекистони» газеталарида фаолият олиб борган.
1991 йилда А.Раҳимбердиев «Халқ сўзи» газетаси ташкил этилишида бош муҳаррир ўринбосари сифатида самарали фаолият кўрсатди. Айтиш мумкинки, ушбу газетанинг ҳозиржавоб, долзарб мавзуларни юксак маҳорат билан кўтариб чиққан даври айни А.Раҳимбердиев ишлаган пайтга тўғри келади. Кейинчалик «Оила ва жамият» газетасида фаолият кўрсатиб, ушбу нашрни оммавий ва қизиқарли газетага айлантирди.
А.Раҳимбердиев иттифоқ ва Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг аъзоси, маълум муддат Ўзбекистон журналистлар уюшмаси бошқарувининг котиби вазифасида ҳам жамоатчилик асосида ишлаган. Юксак даражадаги ижодий фаолияти учун ўз даврида нуфузли ҳисобланган Ўзбекистон Ёшлар мукофотига сазовор бўлган.
«Олисларда милтирар шуъла» китоби Абдукарим Раҳимбердиев қаламига мансуб ҳикоялар, ҳажвиялар, публицистик мақолалар тўплами сифатида журналист хотирасига бағишлаб 2021 йилда чоп этилди.
Ушбу китобни хассос журналист, ёзувчи, эл дарду ташвишига умрини бахшида қилган фидойи, камтарин инсон А.Раҳимбердиевнинг умр китоби десак, муболаға бўлмайди. Ижодкор республика миқёсидаги оммавий ахборот воситаларида, давлат ва жамоат бошқаруви идораларида катта лавозимларда кўп йиллар давомида меҳнат қилган бўлсада, ўзининг туғма ички камтаринлиги, камсуқумлиги боис, адабий ижод намуналарини деярли эълон қилмаган. Ўқувчи ушбу мўъжазгина китобни варақлаб, ҳикоялар қаҳрамонлари, оддий кишилар ҳаётининг турфа кўчалари билан яқиндан танишган сари ўзга самимий олам ичра кириб бораверади...
Хотира кечасида устоз журналист Абдукарим Раҳимбердиевнинг ҳаёти, ижод йўли, меҳнат фаолияти, у ҳақидаги ёрқин хотиралар ёдга олинди.
Н.Усмонова,ЎзА