Олис тоғ қишлоғида электр таъминоти яхшиланди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Сарчашма қишлоғи туман марказидан қарийб 80 километр узоқликда жойлашган. Пурвиқор тоғлар бағридаги ушбу қишлоқнинг табиати ўзига хос. Айниқса, баҳор ва ёз фаслида ҳудудда она табиат чизган бетакрор манзарани кўрмасдан кетишнинг имкони йўқ. Ундан баҳраманд бўлиш мақсадида кеч кузгача бу қишлоқдан дам олувчиларнинг қадами аримайди. Лекин сўлим баҳор ва ёздан ташқари, ҳудуднинг қаҳратон ҳамда изғирин қиши ҳам бор. Шу сабаб у ерда яшашнинг ўзига яраша машаққатлари ҳам йўқ эмас.
Бундан 4-5 ой аввал қишлоқда Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида вилоятнинг барча раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Тоғликларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича бир қатор вазифалар белгилаб олинганди. Боиси бу вазифалар ижроси одамлар ҳаётини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли эди. Улардан бири, албатта, электр энергия таъминотини яхшилаш бўйича симёғочлар масаласи эди. Хўш, ўтган вақт давомида мазкур вазифалар қай даражада бажарилди? Берилган ваъдалар ижроси таъминландими?
Шу мақсадда фотомухбир билан олис Сарчашма қишлоғи сари йўл олдик.
Қишлоқ манзараси ҳар қачонгидек сўлим ва ажойиб. Бир неча кун олдин ёғиб ўтган енгилгина қор томларни қоплаган. Атрофдаги виқорли тоғлар чўққисидаги қор уюмлари офтобда ялтирайди. Кўчалардаги қор эса машина қатновининг кўплиги сабабли эриб улгурган. Дарҳақиқат, тоғ ва тоғолди ҳудудларда қиш анчагина аввал бошланиб, куз ўрталаридаёқ қишлоқлар қорга бурканади. Бунга Сарчашма қишлоғи мисол.
[gallery-20584]
Қишлоқ билан танишишни эса сайёр қабулда берилган ваъдаларнинг ижроси қай даражада таъминланганини ўрганишдан бошладик. Кўчама-кўча юрар эканмиз, қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашдик. Таъкидланишича, қишлоқ аҳолиси узоқ йиллар давомида электр энергияси таъминоти бўйича муаммоларга дуч келиб яшаган. Боиси эскирган симёғочлар, узуқ- юлуқ симлардаги узилишлар қорли, қировли кунларда одамларни қийин аҳволга солиб турган. Вазият ўрганилганда 200 дона симёғочга эҳтиёж борлиги ва қўшимча трансформаторлар зарурияти кузатилган.
– Жорий йилнинг июль ойида вилоят ҳокими ва секторлар раҳбарлари томонидан туманимиздаги олис Сарчашма қишлоғида ўтказилган сайёр қабулда аҳоли томонидан электр таъминотига алоқадор мурожаатларга бўлган эди, – дейди Шаҳрисабз туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Яшнар Васиев. – Шунга асосан ҳудудий электр тармоқлари вилоят ҳудудий филиали томонидан ушбу қишлоққа 200 дона темир- бетон устун берилди. Икки дона янги трансформатор пункти ўрнатилди. 6 километр янги сим кабеллари тортилди. Қўлбола устунлар тўлиқ алмаштирилди. Натижада 200 дан ортиқ аҳоли хонадони сифатли электр таъминоти билан таъминланди ва аҳоли ҳам бундан хурсанд.
Кўчалар бўйлаб ўрнатилган янги бетон устунлар ва уларга тортилган замонавий кабеллар қўшимча янги трансформаторлар орқали янги хўжаликларга алоҳида тортилган. Қайси бир қишлоқ одами билан гаплашмайлик, миннатдорлик билдиради.
– Қишлоғимизда бўлаётган ўзгаришлардан аҳолимиз мамнун, – дейди Баҳриддин Норов. – Электр билан боғлиқ муаммоларимиз ечим топди. Қувват пастлигидан маиший техникаларни ишлата олмасдик. Қўлбола устунлар, ҳаво линиялари алмаштирилди. Эзгу ислоҳотлар бизнинг олис тоғ қишлоқларимизгача етиб келаётгани одамларимизни қувонтирмоқда. Бундан ташқари, йўлларимиз текисланди. Ҳозир ёғингарчилик кунларида ҳам бемалол пастга (туман марказига) тушиб чиқяпмиз.
Энг катта муаммомиз электр энергияси эди. Бу ҳам бартараф этилди. Хонадонларимиз нурга тўлди, дейди қишлоқ аҳли мамнунлик билан. Бинобарин янги тортилган ҳаво линиялари эндиликда ортиқча йўқотишларга олиб келмасдан аҳолининг мунтазам энергия билан таъминланишига хизмат қилмоқда. Муҳими эса, бугун расмийларнинг халқ муаммоларига нисбатан масъулияти ошганидадир. Бу эса пировард натижада олис тоғларда ҳам одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари