Олис қишлоққа ёш шифокор ишга келди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Қалқама қишлоғига “Қишлоқ шифокори” дастури асосида самарқандлик ёш шифокор Жўрабек Халилов ишга келди.
Унинг ортидан малакали шифокорлар, унинг ота-онаси ҳам кўчиб келди.
Жўрабек Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан. 2021 йилда Самарқанд тиббиёт институтини тамомлади. Тенгдошлари катта шаҳарларни кўзлаб турган бир пайтда у ҳеч иккиланмасдан Чироқчига келиб, иш сўради. Туман тиббиёт бирлашмасидагилар уни олис тоғ қишлоғидаги “Қалқама” оилавий шифокор пунктига ишга юборди.
Энг қизиғи, Қалқамага ўғлидан хабар олгани келган Жўрабекнинг ота-онаси, тажрибали шифокорлар Комил Алиев ва Ирода Жумаева ҳам шу ерда қолиб ишлаш истагини билдирди. Шу тариқа тоғ қишлоғида уч нафар шифокор иш бошлади. Дастур асосида Жўрабекка 30 миллион сўмлик рағбат пули тўлаб берилди, ижара уй билан таъминланди.
Таъкидлаш лозимки, Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур фармонга асосан тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уйлари берилади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари давлат бюджетидан компенсация қилинади.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтгача Қашқадарёда “Қишлоқ шифокори” дастури асосида олис ҳудудда 12 нафар шифокор иш бошлаган.
Ўлмас Баротов, ЎзА