Олис қишлоқдаги ижтимоий хизмат: инсон қадри амалда
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар энг чекка ҳудудларни ҳам қамраб олмоқда.
Қашқадарё вилояти Китоб туманининг тоғли ҳудудда жойлашган Кўҳсор маҳалласи бунинг амалий ифодаларидан бири саналади. Маҳаллада 6,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бешта қишлоқни ўз ичига олган ҳудуднинг энг олис манзили Шут қишлоғи бўлиб, у маҳалла марказидан 35 километр узоқликда жойлашган.

Маҳаллада 2024 йил декабрь ойидан буён ижтимоий ходим сифатида фаолият юритаётган Одил Қодиров аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиб келмоқда. Шу вақт давомида 43 та оила бўйича ижтимоий ҳолат ўрганилиб, улар учун индивидуал режалар ишлаб чиқилган ва тегишли хизматлар кўрсатилган.

Ана шундай фуқаролардан бири 74 ёшли Жўрамурод Шамсиевдир. Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ушбу фуқаронинг турмуш шароити ижтимоий ходим томонидан ўрганилиб, эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалий ёрдамлар ташкил этилди.

Жумладан, унинг эркин ҳаракатланиши учун ҳасса билан таъминланди, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан дори-дармон харид қилиш учун моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида уйда парвариш хизмати йўлга қўйилиб, келини расмий парваришловчи сифатида бириктирилди. Ҳозирда мазкур хизмат учун тегишли моддий кўмак ҳам кўрсатилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА