Олис қишлоқ аҳолисига байрам туҳфаси
Мамлакатимизда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда Жиззах вилоятининг олис Янгиобод тумани “Учтургон” қишлоғида 82 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ва соғломлаштириш маркази фойдаланишга топширилди.

“HAYR HAVOTOG‘” масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилган объект очилишида туман ҳокимлиги, шоир ва ёзувчилар, меҳнат фахрийлари, секторлар ва мутасадди ташкилот раҳбарлари, лойиҳа ташкилотчилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.

Ушбу ҳудуднинг соф ва тоза ҳавоси, айниқса, бу ердан табиий ҳолда чиқадиган маъданли шифобахш сувнинг инсон саломатлигига фойдаси катта. Бу ерда фуқаролар нафақат дам олиб ҳордиқ чиқариши, балки соғломлаштириш марказида саломатликларини тиклаши мумкин.

4 қаватли, 82 ўринга мўлжалланган янги масканда суяк, бўғин, асаб тизими, овқат ҳазм қилиш аъзолари, гинекологик, марказий қон айланишдаги ҳамда тери касалликлари билан оғриган беморлар ўз дардларига шифо топиши мумкин. Бу ерда 50 та янги иш ўрни яратилган.

Бундан ташқари, лойиҳанинг 2-босқичида қиймати 1 миллион 500 минг АҚШ долларини ташкил этадиган “HAVOTG’” минерал сув ишлаб чиқариш заводи қурилиши ҳам режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА