Олис маҳаллада ДХМ филиали ўз фаолиятини бошлади
Давлат хизматлари агентлиги томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратилмоқда.
Бундай имкониятдан фуқаролар эмин-эркин фойдаланиб келмоқда.
Аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, марказдан узоқда жойлашган ҳудудларда Давлат хизматлари марказларининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилаяпти. Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Жийдакапа қишлоғида ўз фаолиятини бошлаган ана шундай замонавий филиал 35 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган тўққизта маҳалла фуқаролар йиғинига давлат хизматларини кўрсатмоқда.
– Давлат хизматлари марказида кўрсатилаётган хизматлардан ўз маҳалламда фойдаланаман, деб ўйламаган эдим, – дейди жийдакапалик тадбиркор Моҳидил Исоқова. – Шу кунларга ҳам етиб келдик. Уйчи тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари уйма-уй тарғибот тадбирларини олиб борганида ҳайрон қолгандим. Шунда улар ҳали вақти келиб, маҳаллада давлат хизмати кўрсатамиз деганида, ишонмаган эдик. Мана энди маҳалламизда ДХМ филиали фаолияти йўлга қўйилганини эшитиб, ўз кўзим билан кўргани келдим.
Муҳимии, марказда кўрсатиладиган хизматларнинг деярли барчасини шу мўъжазгина хонада олиш имконияти бор. Энди аҳоли 17 километр йўл босиб, туман марказига боришига ҳожат қолмади. Бориш-келиш учун сарфланадиган йўл ҳақи ва хизмат олиш учун кетадиган вақт аҳоли фойдасига хизмат қиладиган бўлди.
Маълумот учун, Уйчи туман давлат хизматлари марказининг “Жийдакапа” филиали ҳафтада икки кун маҳаллада давлат хизматларини кўрсатмоқда. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам бериб борилаяпти.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА