Олис ҳудудларда янги кутубхоналар иш бошлади
Бобокалонимиз Алишер Навоийнинг 583 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги яна бир маърифий ташаббусни бошлаб берди.
Вазирлик томонидан республика бўйича туман ва шаҳарлардаги 4-секторда жойлашган маҳаллаларда ёшлар учун кутубхоналар ташкил этиш лойиҳасига старт берилди.
Мамлакатимизда ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларда китоб ўқишга бўлган қизиқишни орттириш ва интеллектуал салоҳиятини оширишга бўлган интилишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган лойиҳа доирасида Президент асарлари, ўзбек адабиёти дурдоналари, жаҳон адабиёти, ҳуқуқий ва болалар адабиётига оид 100 турдан ортиқ китоб тўпламлари маҳаллаларга юборилди.
Лойиҳада Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, бугун бошқарма раҳбарияти вилоятнинг Миришкор туманидаги олис Помуқ шаҳарчаси Янгиқишлоқ маҳалласида қад ростлаган янги кутубхона очилишида иштирок этди.
Бошқарма жамоаси номидан маҳалла кутубхонасига 400 дан ортиқ бадиий адабиётлар совға қилинди.
Кутубхонада аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини унумли ўтказиши учун барча шароит яратилган.
Кутубхонанинг очилиш маросимида таниқли хонандалар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири