Олис ҳудудларда ижтимоий хизматлар қамрови кенгаймоқда
Маҳалладаги ижтимоий ходимларнинг кунлик меҳнати кўзга оддий кўриниши мумкин. Аммо улар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг энг яқин кўмакдоши, дардига қулоқ тутадиган ҳамроҳи сифатида фаолият юритмоқда.
Айниқса, олис ҳудудларда аҳолига ижтимоий хизматларни манзилли етказишда уларнинг меҳнати муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг вилоят марказидан қарийб 170 километр узоқликда жойлашган Ҳисор маҳалласида ҳам ана шундай фидойи ходимлардан бири Асилбек Раҳмонов фаолият юритмоқда. У икки йилдан зиёд вақтдан буён маҳаллада ижтимоий ходим сифатида ишлаб келмоқда.

А.Раҳмонов томонидан 40 дан ортиқ оиланинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида “Ижтимоий иш” очилиб, ҳар бир хонадон билан индивидуал тартибда иш олиб борилмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексаларга зарур ёрдам ва хизматлар кўрсатилмоқда.

Ижтимоий ходимнинг вазифаси фақат хизмат кўрсатиш билан чекланмайди. У маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг муаммосини ўрганиб, уларни тегишли ёрдам ва хизматларга йўналтириш, зарур ҳолларда амалий кўмак кўрсатишга ҳам ҳисса қўшмоқда.
– Тушкунликка тушиб қолган эдик. Маҳалладаги ижтимоий ходим уйимизга келиб, ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Илгари турмуш ўртоғим ўрнидан тура олмас эди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси кўмагида даволанганларидан сўнг ҳозир ўзлари ташқарига чиқиб юрибди. Касалликлари туфайли тадбирлар ва дўстлар даврасига қўшила олмас эди, энди эса бемалол бориб-келмоқда. Ўзларига ўзлари хизмат қила оладиган бўлди, – дейди фуқаро Гулнора Кенжаева.

Унинг таъкидлашича, оилага болалар нафақаси тайинланган, қайнонасига қараб туриш учун қаровчи белгиланган ва моддий ёрдам ҳам олинмоқда.
– Бунда маҳалладаги ижтимоий ходимларнинг ўрни жуда катта бўлмоқда. Қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бениҳоя миннатдормиз, – дейди Г.Кенжаева.

Бундай мисоллар олис ҳудудларда ижтимоий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, ҳар бир хонадоннинг эҳтиёжини ўрганиш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган ишлар амалда ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири