“Олимпик”нинг Париж-2024 йўлидаги муҳим қадами
Футбол бўйича Ўзбекистон суперлигаси баҳслари ҳам якунланиб, ғолиб ва совриндорлар, қолаверса лигани тарк этган жамоалар номи маълум бўлиб улгурган эди.
Бу йил ҳам “Пахтакор” чемпионликни муносиб ҳимоя қилди. Кумуш медални илк бор Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси қўлга киритган бўлса, АГМК бронза медали билан кифояланди.
Суперлигада дебют мавсумини ўтказган хусусий клуб – “Турон” (Яйпан) ҳамда “Андижон” футбол клублари эса келгуси мавсум Про-лигада тўп суради.
Уларнинг ўрнини Про-лига ғолиблари - Фарғонанинг “Нефтчи” ва Самарқанднинг “Динамо” жамоалари тўлдирди.
Кеча, 2 декабрь куни Ўзбекистон Суперлигаси-2022нинг энг сўнгги иштирокчиси номи ҳам маълум бўлди.
“Пахтакор” стадионида ўтган ўтиш ўйинида Суперлигада 12-ўринни эгаллаган Муборакнинг “Машъал” ҳамда Про-лигада бронза медалини қўлга киритган Тошкентнинг “Олимпик” жамоалари ўзаро куч синашди.
Таъкидлаш керак, ўтган йили футболчиларимиз Олимпиада ўйинлари йўлланмасидан қуруқ қолишгач, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ўзаро келишган ҳолда Париж-2024га пухта тайёргарлик кўриш мақсадида олимпия терма жамоаси аъзоларидан иборат янги клуб тузиш ва уларни Про-лига мусобақаларида тоблаб боришни мақсад қилган эди.
[gallery-4922]
Эътиборлиси, жорий йилда шакллантирилган ва Про-лигада илк мавсумини ўтказган клуб якунда кучлилар орасида 3-ўринни эгаллади. Ўтиш ўйинида эса Темур Кападзе шогирдлари аввалига ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборган бўлса-да, якунда муборакликлар дарвозасини уч марта ишғол этиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритди.
Умид қиламизки, Суперлигада ҳам олимпиячиларимиз йўқолиб қолмайди ва якунда футбол бўйича халқимиз узоқ кутган Олимпиада йўлланмасини тақдим этади. Бу йўлда уларга омад тилаймиз.
О. Эшмаматов,
Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.