Олимлар тутқаноқни даволаши мумкин бўлган янги моддани ўрганмоқда
Ўзбекистонлик олимлар томонидан тутқаноқ хуружларини даволашда қўллаш мумкин бўлган янги дори воситасини яратиш бўйича муҳим илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академик С.Ю.Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари томонидан Инновацион ривожланиш агентлиги маблағлари ҳисобидан 2023–2026 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳа доирасида қарийб 30 та янги кимёвий модда ўрганилди.
Тадқиқотлар натижасида эпитриазолин деб номланган истиқболли модда танлаб олинди.

Олимлар эпитриазолинни олишнинг мақбул усулини ишлаб чиқиб, унинг таркиби ва хусусиятларини чуқур ўрганди. Энг муҳими, модданинг тутқаноққа қарши таъсири бўйича клиникагача бўлган тадқиқотлар тўлиқ амалга оширилди. Уни олиш ва ишлаб чиқариш технологияси яратилиб, дастлабки намуналар ҳам тайёрланди.
Тадқиқотлар давомида эпитриазолин инсон асаб тизимида тутқаноқ хуружларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган жараёнларга таъсир қилиши аниқланди.
Яна бир эътиборли жиҳат — тажрибалар натижасига кўра, эпитриазолин тиббиётда кенг қўлланиладиган карбамазепин ва Конвулекс препаратларига нисбатан 1,5–2 баробар кам заҳарли экани ҳамда унинг даволашдаги хавфсизлик чегараси юқорироқ экани қайд этилган.
Маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда яратилаётган ушбу ишланма келгусида тутқаноққа қарши янги дори воситасини ишлаб чиқариш ва тиббиёт амалиётига жорий этиш учун муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Айни пайтда бу нафақат илм-фан соҳасидаги муҳим натижа, балки маҳаллий илмий салоҳият ва фармацевтика имкониятларини кенгайтириш йўлидаги яна бир қадамдир
Н.Раҳмонова, ЎзА