Олам аҳлини ҳайратга солган зот
9 февраль куни буюк шоир, мутафаккирлар мутафаккири, атоқли давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий ҳазратларининг таваллудига 580 йил тўлди.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ушбу шонли сана муносабати билан ўтказилган маънавий-марифий тадбир “Олам аҳлини ҳайратга солган зот” мавзусида бўлиб ўтди.
Шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари, туман секторлари раҳбарлари, фаоллар ва талаба-ёшлар тадбир аввалида Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Туман маданият марказида ташкил этилган адабий кечада бундан олти аср муқаддам битилган Навоий асарлари бугунги кунда ҳам нечоғли долзарб аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Таниқли ижодкорлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва ёшлар улуғ шоир ғазалларидан парчалар ўқигани тадбирга ўзгача файз киритди.
Тадбирда Навоий шахси, бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида ҳам алоҳида ўрин тутиши ҳақида сўз юритилди. Буюк мутафаккирнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, асарларида илгари сурилган юксак эзгу ғоялар акс этган кўргазмалар намойиш этилди.

Туман маданият бўлими, “Чортоқ тонги” ашула ва рақс ансамбли, “Асл наво” ансамбли, 14-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ижросидаги саҳна кўринишлари, ўқилган ғазал ва рубоийлар, ижро этилган қўшиқлар ёшларнинг маънавий оламини бойитиб, олам-олам таассуротлар уйғотди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА