ОКМКдан болажонларга байрам туҳфаси
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ижтимоий соҳа доимо қўллаб-қувватланиб келинади. Жумладан, мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллиги арафасида комбинат тасарруфидаги 33-сонли “Эртак” номли мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур таълим муассасасининг очилиш маросимида иштирок этган ОКМК бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларига қаратилганини таъкидлаб, ушбу замонавий боғча ҳам болажонлар учун ҳақиқий байрам совғаси эканлигини айтиб ўтди.
Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон қаҳрамони Сайдали Раҳмонов ва нуронийлар юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг аҳамиятига тўхталиб ўтди. 33-сонли МТТда олиб борилган мукаммал таъмирлаш ишларида фаол иштирок этган бир гуруҳ қурувчилар ва боғча ишчи-ходимларига қимматбаҳо совғалар туҳфа этилди. Шундан сўнг, рамзий тасма кесилиб, комбинат раҳбарияти ва тадбир иштирокчилари мукаммал таъмирланган муассасада болажонларга яратилган шароитларни кўзда кечирди.
Айтиш жоизки 1985 йилда 224 ўринли қилиб қурилган мазкур боғча, мукаммал таъмирдан сўнг 336 ўринга кенгайтирилди. Капитал таъмирлаш ишлари комбинатнинг “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан амалга оширилди. Таъмир ишлари давомида бинонинг том қисми қуйма мастика билан қопланди. Бино фасади травертин билан пардозланди, эски эшик ва ойна ромлар янгисига алмаштирилди. Ёзги айвончалар томи профнастилга алмаштирилди. Ички бинода пардозлаш ишлари, сантехника ва электрлаштириш ишлари замонавий услубда амалга оширилди. Боғчанинг ҳовли қисмида кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, асфальт қопламаси ва брусчаткалар ётқизилди.
[gallery-13346]
Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун янги амфитеатр қурилиб, ҳовлига янги ўйингоҳлар ўрнатилди. Ошхона ва кир ювиш бинолари янги типдаги жиҳозлар билан таъминланди. Ушбу объектнинг мукаммал таъмирланишига 6,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
ОКМК Ахборот хизмати,
ЎзА