ОКМК: маҳсулотлар экспорт ҳажми ортмоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан жорий йилнинг 9 ойида 772 миллион 529 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 125,4 фоизга бажарилди.
Жумладан, асосий ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлган мис экспортида режа 112,7 фоизга уддаланган ҳолда, 60064 тонна мис маҳсулотлари хорижга жўнатилган. Шунингдек, 54 887 тонна мис катоди экспорт қилиниб, режа 122,8 фоизга бажарилган. Мис купороси экспортида 7248 тонналик натижа қайд этилиб, режа 128,7 фоизга уддаланган.
Рух маҳсулотлари экспортида 9 ойлик якун бўйича юқори натижа сақланиб қолинган. Бу йўналишда режа 129,6 фоизга бажарилиб, 46661 тонна ушбу маҳсулот импортёрларга юборилган. Бундан ташқари, 46266 тонна рух металли экспорти амалга оширилиб, режа 128,5 фоизга бажарилган.

Кадмий металли экспортида ҳам 9 ойда юқори натижалар қайд этилган. Харидорларга 329 тонна кадмий юборилиб, режа 109,7 фоизга бажарилган. Молибден маҳсулотлари экспортида ҳам юқори натижалар кузатилмоқда. Хусусан, режа 135,5 фоизга бажарилиб, 596 тонна маҳсулот харидорларга сотилган.
Қўрғошин концентрати экспортида режа 107.4 фоизга бажарилиб, 19657 тонна ушбу маҳсулот хорижга жўнатилган.Шунингдек, комбинат таркибидаги Чирчиқ шаҳрида жойлашган Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар Илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан маҳсулотлар экспортининг 2022 йил учун белгиланган режаси муддатидан олдин бажарилган. Бирлашма меҳнат жамоаси томонидан 24,64 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Маълумот учун: ОКМК маҳсулотлари асосан Туркия, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбайжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинади.

Жорий йилда комбинат маҳсулотлари экспорти географияси янада кенгайди. Жумладан, маҳсулотлар Суринам, Кения, Австралия, Литва, Грузия, Португалия, Канада, Австрия, Испания, Финляндия, Марокаш ва Сингапур каби давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Ушбу давлатлар асосан мис маҳсулотларини харид қилмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА