Оилавий тадбиркорлик – даромад манбаи
Бугун юртимизда ўз бизнесини йўлга қўйиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгаймоқда. Уларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган.
Бугун юртимизда ўз бизнесини йўлга қўйиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгаймоқда. Уларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.Оила даромади ва фаровонлигида ишбилармонликнинг аҳамияти беқиёс. Мамлакатимизда қулай бизнес муҳити яратилиб, тадбиркорларга зарур имтиёз ва преференциялар берилаётгани уларнинг янада самарали фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Фарғона вилоятида ҳам оилавий корхоналар сони йилдан-йилга ошиб, ҳудуд иқтисодиётида мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тараққиётнинг муҳим омилидир, – дейди Бешариқ тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулчеҳра Йўлдошева. – Туманимиздаги 64 маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари самарали фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида яратилган қарийб икки мингга яқин янги иш ўрнининг аксарияти тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам фикримиз исботидир.
Айни пайтда туманда ўттиздан зиёд оилавий корхона фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, “Абдуманнонзода Шаҳзодбек” оилавий корхонасида тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари замонавийлиги ва юқори сифати билан ички бозорда аллақачон ўз ўрнини топиб улгурди.
Адҳамжон Ботиров раҳбарлигида дастлаб икки тикув машинаси билан иш бошлаган корхона бугун импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган йирик тикувчилик тармоғига айланди. Болалар учун ўндан зиёд турдаги кийим-кечаклар тикилмоқда.
– Юз фоиз пахта ва ипак матодан тайёрланаётган маҳсулотларимиз сифати хорижникидан асло қолишмайди, – дейди А.Ботиров. – Шу боис биз билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган савдо марказлари, кийим-кечак дўконларидан буюртмалар кўпаймоқда. Ойига ўртача уч ярим мингдан зиёд болалар кийими ички бозорга етказиб берилаётгани бунинг тасдиғидир. Келгусида маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилиш режалаштирилган.
Ўндан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхона ходимларининг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.
– 2013 йили коллежни тамомлаб, ушбу корхонанинг тикув бўлимига ишга жойлашдим, – дейди Сарвиноз Сотволдиева. – Қиз болага тикувчилик касби ҳаётда доимо асқотади. Шу ерда касб ўрганиб, турли бичимдаги либосларни яратаётганимдан хурсандман.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланаётган тадбиркор оилавий бизнес ҳисобидан уй-жойини кенгайтирди, енгил автомашина олди, фарзандларини ўқитиб, уйли-жойли қилди. Айни пайтда ҳудудга саноатни олиб кириш асносида вақтинча ишсиз юрганлар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.