Оилавий ажримларнинг сабаби нима?
Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.
Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.
Жамият тараққиётини ҳаракатга келтирувчи асосий ҳужжат бўлган қомусимиз – конституциямизда оила масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Унда: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» – деб ёзилган.
Хар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳиссий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Яъни, оила маънавий жиҳатдан бутун бўлсагина, мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам оилалардан ташкил топган мамлакат эса – албатта қудратлидир.
Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътиборни талаб қилувчи ҳолатдир. Ҳуда-беҳудага оилани барбод этиш, албатта болалар тарбиясига салбий таъсир этади. «Боланинг уволи тутади», дейишади қариялар. Дарҳақиқат, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини уйламайдиган ота-оналар орамизда бор. Бундай ҳолатнинг вужудга келиши бош омили – уларнинг ҳуқуқий билимга етарли эга эмасликлари, ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлигидан ва маънавиятсизлигидан далолат беради. Шунинг учун хам улар ажралиш ҳолати қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етмайдилар. Ажралиш туфайли нотўлиқ оила вужудга келади. Айни кунда аксарият ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатилмоқда. Ёки бўлмаса, бошқа ҳуқуқбузарликлар, одам савдоси қурбонлари, ноқонуний йўл билан чет давлатларга чиқиб кетаётган ёшлар, аёллар, албатта буларнинг барчаси ажралиш оқибатида юзага келган нотўлиқ оилаларда бўлаётгани ачинарли хол.
Статистикага назар соладиган бўлсак, бизнинг Юнусобод туман ФҲДЁ бўлимида жорий 2020 йилнинг 7 ойи мобайнида 267 та (180 таси суд қарорларига асосан, 87 таси эса ўзаро розилик билан ФҲДЁ бўлимида) ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари қайд этилди. Улардан атиги 29 таси ажралиш фикридан қайтганлар (ярашганлар).
Оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, 28 та ҳолатда фарзандсизлик, 7 та ҳолатда хиёнат, 34 та ҳолатда узоқ вақт бирга яшамаслик, 119 та ҳолатда оилавий келишмовчиликлар,қолган ҳолатларда ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқаришни, рўзғорни моддий таъминлашни, фарзандларни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари деб билмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатлар оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги,рўзғордаги етишмовчиликлар, эр ёки хотиннинг касаллиги, энг ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши, қайнона ва келин муносабатларининг бузилиши натижасида келиб чиққан.
Шу билан бир қаторда, оилаларимизни тинч ва мустаҳкам бўлиши, бахтли ҳаёт кечиришида йигитларимиз, эркакларимизнинг ўрни хамда масъулияти жуда катта. Чунки ҳаётнинг қийинчиликларини улар ўз елкаларига оладилар. Афсуски, амалиётда кўриб турибмизки, эркакларнинг оилавий муносабатларда ўз ўрнини йўқотиб кўяётганлиги яъни иккинчи даражага тушиб қолаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас, бу эса жуда ачинарли ҳол.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Унда бир қатор омилларга эътибор қаратиш лозим, яъни оиладаги ажримларни олдини олишда, асосан ёшларни оила илмига ўргатишимиз лозим.
Инсон ҳаётида оиланинг ўрнини ҳеч бир неъмат билан алмаштириб бўлмайди зеро ҳар бир инсоннинг вазифаси бахтли ва мустаҳкам оила қуришдан иборатдир.
Ёшлар оила аталмиш муқаддас даргоҳ остонасига қадам қўяр экан, «Мен оила қуришга тайёрманми? Оилам мустаҳкам бўлиши учун нималар қилишим керак?» деган саволларни ўзига берса, мустақил ҳаётга жиддий қараса, оилада пайдо бўладиган баъзи бир нохуш ҳолатларнинг олди олинади. Бахт қасрининг пойдевори чидам ва меҳнатдан бунёд бўлишини ёшларимиз қалбдан ҳис қилишлари зарур. Ўз уйида бахтли бўлган инсонгина чинакам бахтиёрдир, уйда бахтни яратиш эса осон эмас...
Маҳфуза МИРБАБАЕВА,
Юнусобод туман ФХДЁ бўлими мудираси