Оила – муқаддас
Жамиятимизда оила институтининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, фарзандларни миллий ва маънавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда барқарор муҳитни таъминлашда оила институти мустаҳкамлиги долзарб.
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Янгиҳаёт туманида жойлашган Тошкент иқтисодиёт ва солиқ техникумида “Оила – муқаддас” шиори остида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Тадбир давомида оиланинг жамият ҳаётидаги муҳим ўрни, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш каби долзарб мавзулар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, бугунги глобаллашув даврида ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда оила муқаддаслигини кенг тарғиб этиш муҳим ҳисобланади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёшларга ўз ҳаётий тажриба ва тавсияларини улашди.
Бу каби мулоқотлар ёш авлод қалбида оилага бўлган ҳурмат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА