Оила – муқаддас даргоҳ
15 май – Халқаро оила куни
Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Фаровон оила сари” шиори остида тадбирлар, танловлар, мулоқот ва давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.
Ташкил этилаётган тадбирларда туман, шаҳар ҳокимликлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ташкил этилаётган ана шу каби тадбирларда маҳаллаларда иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, “Оқила аёл” ҳаракати аъзолари, отинойилар, ибратли оилалар вакиллари, ёшлар иштирок этмоқда.

– Бугунги кунда вилоятимиздаги 900 дан ортиқ маҳаллада 750 мингдан зиёд оила мавжуд, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова. – Оилаларимиз қанчалик барқарор, мустаҳкам бўлса, жамиятимиз юксалиб бораверади. Шу маънода ўтказилаётган тадбирларнинг асосий мақсади ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, намунали оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ана шундай тадбирлардан бири Марҳамат туманидаги Муҳаммад Юсуф номидаги маданият марказида бўлиб ўтди. Марҳамат туман ҳокими Илёсбек Умрзоқов, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, фаол ёшлар ҳамда тумандаги намунали оилалар вакиллари иштирок этган тадбирда оиланинг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг мустаҳкамлиги ва фаровонлиги давлат тараққиётининг муҳим омилларидан бири эканлиги, шунингдек, юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодни баркамол тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Байрам тадбири давомида тумандаги ўзининг аҳиллиги, меҳр-оқибати, оилани бошқариш, фарзанд тарбиясидаги ибратли ёндашувлари ҳамда жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган 9 та намунали оила алоҳида эътироф этилиб, “Ибратли оила” кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Булоқбоши тумани Маданият уйида бўлиб ўтган “Оила – муқаддас даргоҳ” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда эса оилани улуғлаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш хусусида сўз юритилди.

Тадбир давомида, айниқса, намунали оилалар, фидойи ота-оналар ҳамда ибратли ёш оилаларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди, уларнинг оиладаги ўзига хос муносабатлари, олиб бораётган ибратли ишлари эътироф этилиб, оила билан боғлиқ намунали муносабатларни кенг тарғиб этиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбирда 7 та намунали оила вакиллари “Ибратли оила” кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Узоқ йиллар кўплаб фарзандларни тарбиялаб, уй-жойлик қилдик, – дейди тумандаги Буюк Турон маҳалласи, Оқибат кўчасида яшовчи, намунали оила соҳибаси Мўттихон Жумаева. – Оиламиз намунали оила сифатида эътироф этилганидан беҳад хурсандмиз. Очиғи, ана шундай эътирофга сазовор бўлишнинг ўзи ҳам осон эмас. Бунинг ортида қанча-қанча меҳнат, тарбия, оилага фидойилик ётади.
Энг муҳими, ҳар бир инсон учун оила – муқаддас даргоҳ, унинг оиласи тинч ва фаровон бўлса, у жамиятнинг фаол аъзосига айланади, қолаверса, ўша оила жамият ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.