Оила – миллатимизнинг азалий қадрияти
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтида “Оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро онлайн конференция ўтказилди.
Мазкур институт директори, педагогика фанлари доктори Нодира Эгамбердиева ва бошқалар мамлакатимизда оила манфаатларини ҳимоялаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда қабул қилинаётган кўплаб давлат дастурлари, ижтимоий аҳамиятга молик лойҳалар энг аввало оилалар манфаатларини таъминлаш, оила деган муқаддас тушунчанинг моҳияти, эзгу ҳаётий миссиясини ёшлар онгига тўғри етказиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Диққатга сазовор жиҳати, энг оғир пандемия шароитида ҳам мамлакатимизда қийналган, эҳтиёжманд оилаларга жиддий эътибор, моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди.
“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатларини олдини олишнинг илмий асослари, халқаро стандартлар асосида оилада зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, Ташқи меҳнат миграциясининг оила ижтимоий-демографик барқарорлигига таъсирини баҳолаш борасида самарали лойиҳаларни олиб бормоқда. Шу билан бирга
[gallery-2445]
хотин-қизлар бандлигини таъминлашнинг ижтимоий-иқтисодий механизмларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда ижтимоий шартномани қўллашнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини шакллантириш муаммолари, маҳалла фуқаролар йиғинларида иш юритиш жараёнини амалга оширишда электрон ахборот ресурсларидан фойдаланиш технологияларига доир тадқиқотлар долзарб муаммолар ечимини излашда, уларни ўз вақтида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Мазкур анжуман ҳам назарий, амалий жиҳатдан аҳамиятлидир, – деди “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ойниса Мусурмонова. – Сабаби, бугунги кунда ёшларнинг оилага муносабатини тўғри шакллантириш, уларнинг бу ибратли қадриятга нисбатан масъулиятини кучайтириш, оилаларни турли ички емирилишлар, ажримлардан ҳимоялашга доир инновацион тадқиқотларни таҳлил этиш, келгусидаги режаларни белгилаб олиш имконини беради.
Конференцияда янги Ўзбекистонда оила институтини ривожлантириш ва хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда оила фаровонлиги ва демографик ривожланишнинг устувор йўналишлари, оилада гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асослари, оила тарбиясида миллий ва умумбашарий қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти каби мавзуларда маърузалар атрофлича муҳокама этилди.
Н.Усмонова, ЎзА