Оила фаровонлиги – юрт фаровонлиги
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида томорқачиликни ривожлантиришга аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим манбаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида томорқачиликни ривожлантиришга аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим манбаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томорқадан самарали фойдаланаётганлар нафақат ўз оиласи фаровонлигини таъминламоқда, балки бозорларимиз тўкинлигига ҳам салмоқли ҳисса қўшаётир.Фарғона вилоятида томорқачиликда ўзига хос мактаб яратилган. Қува анори, Олтиариқ узуми, Риштон ўриги, Бувайда анжирининг мазаси етти иқлимга машҳур.
Фарғона туманидаги Чимён, Миндон, Аввал, Лоғон қишлоқлари аҳолиси томорқадан мўмай даромад топиш ҳадисини олган.
Шифокор маҳалласида яшовчи Эркинжон Тўхтаматовнинг ҳовлисида йил-ўн икки ой пишиқчилик.Томорқада барча зироат бор. 20 сотих иссиқхонада асосан помидор, бодринг етиштирилади. Шунинг орқасидан оила ҳар йили 30-40 миллион сўм фойда кўради.
– Меҳнат қилган одамга томорқа бамисоли хазина, – дейди Э.Тўхтаматов. – Томорқадан олинган даромад ҳисобидан машина миняпмиз, тўйлар қиляпмиз, фарзандларимизга уй-жой кўтаряпмиз. Томорқада ишлашнинг тарбиявий аҳамияти ҳам катта. Фарзандларимиз оиладаги фаровонлик ниманинг ҳисобидан келаётганини кўриб-билиб тургани боис меҳнат билан топилган неъматнинг қадрига етадиган инсонлар бўлиб улғаймоқда.
Туманда томорқадан яхши даромад олаётган бундай оилалар кўп. “Чимён” қишлоқ фуқаролар йиғини масъул котиби Абдуқодир Ҳамидовнинг айтишича, ҳудуддаги 21 мингдан ортиқ аҳолининг аксарияти томорқадан унумли фойдаланади. 8 маҳалла фуқаролар йиғинидаги юздан ортиқ хонадонда иссиқхона бўлиб, уларда бодринг, помидор, лимон каби маҳсулотлар етиштирилмоқда.
Чимён – Фарғона туманининг қадимий ва гўзал қишлоқларидан бири. Қишлоқ мустақиллик йилларида янада чирой очди. Ўтган йили бир неча савдо дўкони, маиший ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари, дам олиш масканлари бунёд этилди.
– Бозорларимиздаги тўкинчиликдан дил яйрайди, – дейди чимёнлик Абдураҳим ота Ҳамидов. – Қишлоқлардаги ўзгаришларни айтмайсизми?! Гувала ва лойдан тикланган пастқам, кўримсиз уйлар ўрнида замонавий иморатлар қад кўтарди. Кўча ва йўллар кенгайтирилиб, асфальт ётқизилди. Қишлоқ аҳли ўз меҳнати эвазига тўкин ҳаёт кечирмоқда. Оилавий тадбиркорлик, ёшлар билан ишлаш, янги иш ўринлари яратиш масалалари доимий эътиборда. Қишлоқ аҳолисининг томорқадан унумли фойдаланган ҳолда хусусий бизнесини ривожлантириш йўлидаги интилиши юксак самара бераётир. Деярли барча хонадон тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. Бекор юрган одамни учратмайсиз, ҳамма ўз иши, юмуши билан банд.
– Иссиқхонамизда помидор, булғор қалампири етиштирамиз, – дейди Фарҳод Умаров. – 5 сотих томорқада етиштирилаётган неъматларни рўзғордан орттириб, бозорга ҳам чиқармоқдамиз. Энг муҳими, кўнгил хотиржам. Қилаётган меҳнатимдан қанча даромад олишим, уни нимага сарфлашимни яхши биламан.
Қишлоқ одамларининг нигоҳида хотиржамлик, эртанги кунга ишонч мустаҳкам. Булар Президентимиз раҳнамолигида халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.