Оила “беш юлдузли меҳмонхона” эмас
Азалдан халқимиз оилани муқаддас билиб, ота-боболаримиз, бувию момоларимиз ажралишни иснод деб билган.
Ҳаттоки, Бош қомусимиз – Конституциямизда ҳам алоҳида боб оила мавзусига бағишланган. Жумладан, унинг 76-моддасида шундай дейилган: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.
Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.”
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманларо суди судьяси Диляра Аминованинг ҳикояси эса барчамизни мулоҳазага, мушоҳадага чорлаши шубҳасиз.
Ажримлар тўғрисида даъво аризалари келиб тушганда одамлар тақдири кўз олдимда бирма-бир гавдалана бошлайди. Менимча, суд остонасига одамлар шунчаки келмайди. Бир дард жонидан ўтади ёки хўрлангани боис ҳақ-ҳуқуқини тиклашга мажбур бўлади. Чунки миллатимиздаги қадрият сабаб остона ҳатлаб чиқишга жуда катта сабаб керак. Даъволар турлича мазмунда, бироқ оилавий низолар, аниқроғи ажрашишлар бўйича суд ишини кўрганимдан кейин анчагача ўзимга келолмайман. Чунки бир оила никоҳи бузилса, камида битта ёки ундан ортиқ боланинг ширин орзулари ва беғубор оламига путур етади. Ўша оилада парокандалик, болалар бир четда қолиб, эр ва хотин мулк, мерос талашиш билан овора бўлади. Бундан ёмони йўқ. Халқда шундай гап бор: “Кўчада тинчи йўқ одамнинг бир кун, уйида тинчи йўқ одамнинг умрбод ҳаловати бўлмайди”.
Ажрашишга ариза ташлаган аёлнинг ўзи судда кўринмади. Орада 2 фарзанд бор, ўғил 3, қиз эса 6 ёшда. Маҳалла хотин-қизлар фаолининг таъкидлашича, аёл фарзандларини онасига ташлаб, Туркияда дам олаётганмиш.
– Оиласи бузиляпти, саёҳат кўнгилга сиғдимикан? – деган фикр хаёлимда айланаверади. Суд иши 2 ҳафтага кечиктирилди.
Вақт етиб, аёл ҳам судга келди. 30 ёшлардаги жувоннинг кайфиятидан билдимки, саёҳатдан кейин анчагина ҳаволанган. Ўй-хаёли ажрашишда. Никоҳи бекор қилинса бўлди. Судда келтирган важидан англадимки, у эрдан ажрашса бўлди. Нима эмиш, эрининг унга эътибори йўқмиш. Назаримда аёл никоҳ қурган уйини “беш юлдузли меҳмонхона”га қиёслаган. Турмушнинг мушти кўринганида эса оиласидан воз кечишга тайёр. Бир зумда ҳеч қандай исбот-далилсиз турмуш ўртоғининг хиёнат қилишини айтиб, дунёни бузди. Эр эса тадбиркорлиги туфайли уйида кам бўлиши, оиласига вақти кам қолаётганини айтиб, хотинини туҳмат қилишда айблади.
Шамол бўлмаса... Хуллас, халқ нақли бежизга ўйлаб топилмаган. Ҳар икки томонда ҳам тушунмовчилик борлигини англадим. Эр-хотин ўртасидаги руҳий зўриқиш, изтиробли вазият тарқалиб кетар, деган қарорга келиб, ярашишлари учун 6 ой муҳлат берилди. Ҳозирча бир “тинчи йўқ” дарвоза эшигини вақтинча бўлсада, яхши гумонда ёпиб қўйдим. Чунки иш тажрибамда кузатганим, оиласини асраб қолишга “сабабчи” эканлигимни суд биносига келиб “миннатдорчилик” билдириб кетганлар бўлди.
Яна бир турмуш ўртоғидан ажралиш даъво аризаси бўйича суд ишини бошладик. Учинчи одам аралашуви боис, оила ажрим ёқасида. Қайнонани атайлаб судга чақирмадик. Келин узатилган хонадонида 2 ойгина яшаган, ҳомиласи билан ота уйига қайтган. Ҳозир чақалоқ дунёга келиб, 6 ойлик бўлган. Бир йилдан ортиқ вақт ичида куёв келинни бир бор ҳам сўрамаган, сўролмайди ҳам. Чунки она истамайди. Негадир кейинги пайтларда аёлларда бағрикенглик етишмаяпти. Аёл бўла туриб келинни хўрлашдан нарига ўтмайди.
Судда йигитни эшитдик, “онам нима деса шу, онамнинг кўнглидан чиқмади”
– Севишиб, кўнгил қўйиб турмуш қурилган оила сизларники эмасмиди, деган сўровга “онамни беҳурмат қилган келин билан яшамайман”, – дейди.
Муомаладаги кичик хатолик, ҳаракатидаги биттагина хато туфайли кўч-кўрони билан ота уйига жўнатворадиганлар камми?
Кўпчилик хато қилади, ёшу қари, аёлу эркак, катта-ю кичик. Лекин негадир қайноналар ёш келинларни кечириши жуда қийин бўлади, аксарият ҳолларда асло кечирмайди. “Қўйиб беринг, келин-куёвлар ўз ҳаётларини ўзлари яшашсин”, дегинг келади.
Никоҳ ажралмаслиги учун аввал 6 ой, кейинига яна 3 ой муҳлат берган оилам яна суд залида. Наҳот шунчалар кечиримли бўлиш қийин. Фарзандларим отасиз қолмасин, деган аёлларимиз ўтган замонда қолиб кетдими? 34 ёшдаги жувоннинг гапларига қулоқ тутсангиз ёқа ушлайсиз? Рисоладагидек оила, рўзғорда пул дегани топилмас матоҳмас... Йилида эр-хотин хорижга сафарлар қиларкан. Бу ҳам маҳалла фаолидан олинган маълумот.
Аммо турмуш ўртоғининг телефонидаги ёзишмалар ва фотолар сабаб гулдек оила қўрғони бузиляпти. Қийин, қийин балоғатга етган ўғил ва қизга қийин. Ўсмирлар ота-онанинг алоҳида яшашига асло розимас.
Аёл: – Майли, бизни ажраштирмасангиз ҳам, энди барибир эрим билан бир том остида яшолмайман, – деб, чиқиб кетди.
6 ёшли ўғлини ўзининг фарзанди эканлигига гумон қилиб хотинидан ажрашиш ва оталикни аниқлаш учун экспертизага берган фуқаронинг иши юракни ларзага келтиради.
Хўп, оила ажралди ҳам дейлик, лекин ўтган вақт ичида ота-бола ўртасида пайдо бўлган риштани ҳатто суд залида кўриб турибмизку... Бола отанинг қўлидан шунчалар маҳкам ушлаб олганки, қўйиб юборса, отасини қайтиб кўрмасликдан чўчиётгани кўзларидан маълум.
Бу оилани пароканда қилиш гуноҳ-ку, дегинг келади. Афсуски, бу ишга ҳам муҳлат бермасликка имкон йўқ. Балки келишиб олишар, балки бир-бирини кечирар. Ҳар бир ишга вақт даводир, яна бари яратганга аён.
Машойихлар таъкидлаганидек, муваффақиятли оила – бизнес, машина, уй-жой, тилла тақинчоқлар-у ҳашаматли ҳаёт билан белгиланмайди. Афсуски, хиёнат ва ажралишлар кўпаётган айни замонда беками кўст оила – эр-хотин ҳаловатда кун кўраётган, тарбияли фарзандларни камолга етказиш билан белгиланади.
Суҳбатни ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди.